Эрон АҚШ вакиллари билан учрашмайди – Бақоий
Олам
−
08:54 1334 2 дақиқа
Эрон АҚШ вакиллари билан учрашмаслигини билдирдиВашингтон ва Теҳрон ўртасида узоқ муддатли тинчлик келишувига эришиш арафасида Эрон расмийлари АҚШнинг юқори даражали вакиллари билан яқин кунларда ҳеч қандай учрашув ўтказилмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Эрон томонининг таъкидлашича, музокараларнинг кейинги босқичига ўтишдан олдин икки давлат икки ҳафта аввал имзолаган ўт очишни тўхтатиш келишувининг шартлари тўлиқ келишиб олиниши лозим. Шундан кейингина Эрон ядро дастурига эҳтимолий чекловлар каби мураккаб масалалар муҳокама қилиниши мумкин.
Қайд этилишича, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер ҳамда махсус вакил Стив Уиткофф Қатар пойтахти Доҳага музокаралар учун етиб келган. Оқ уй бу учрашувларни “юқори даражадаги мулоқотлар” деб атаган.
Бироқ Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий яқин кунларда Америка томони билан ҳеч қайси даражада учрашув режалаштирилмаганини билдирган.
Қатар ҳам АҚШ вакиллари Эрон делегацияси билан тўғридан-тўғри эмас, балки воситачилар орқали мулоқот қилишини маълум қилган. Маълумотларга қараганда, Қатар Бош вазири Шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер билан учрашган.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мажид ал-Ансорийнинг айтишича, томонлар ўртасида техник даражадаги музокаралар бошланиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон АҚШ билан режалаштирилган техник музокараларни ҳам бекор қилган эди.
Live
Барчаси