Эрон АҚШ ҳужумига қандай жавоб бериши мумкин? 

Олам

image
АҚШ Исроилнинг Эронга қарши урушига қўшиладими?  north_east

АҚШ Исроилнинг Эронга қарши урушига қўшиладими? 

Ҳозирги Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддиятда асосий масала АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроил томонида урушга қўшилиши ёки қўшилмаслиги бўлиб турибди. Агар АҚШ аралашмаса, Исроилнинг Эроннинг ядровий салоҳиятини йўқ қилиш имкониятлари чекланган.

Шу билан бирга, АҚШ Яқин Шарқдаги ҳарбий салоҳиятини кучайтирмоқда, жумладан минтақага USS Nimitz авианосеци ва бошқа кучларни жойлаштирган. Бу эса Эрон билан тўғридан тўғри тўқнашув эҳтимоли ошганидан далолат беради.

Эроннинг эҳтимолий жавоб чоралари

“Newsweek”* нашри билан гаплашган таҳлилчилар  агар АҚШ тўғридан тўғри урушга киришса, Эрон маҳаллий можарони халқаро инқирозга айлантириши мумкинлигидан огоҳлантирди:

1. Ракета зарбалари ва ҳарбий объектларга ҳужумлар

Германиядаги SWP институти таҳлилчиси Хамидризо Азизийнинг айтишича, Эрон ҳозирча АҚШ базаларига тўғридан тўғри ҳужум қилмаяпти. Лекин у катта миқдорда ракеталарини сақлаб турибди.

“Уруш авж олса, Ироқ, Кувайт, Қатар, Баҳрайн, Саудия Арабистони ва бошқа мамлакатлардаги ўнлаб АҚШ базалари ҳужумга учраши мумкин. Ҳудудда тахминан 40–50 минг АҚШ ҳарбий хизматчиси бор”, дейди у.

2. Ҳормуз бўғозини ёпиш

Эрон парламенти мудофаа қўмитаси раҳбари Исмоил Косари Теҳрон Ҳормуз бўғозини ёпиш имкониятини жиддий кўриб чиқаётганини маълум қилди. Маълумки, Ҳормуз — стратегик денгиз йўли бўлиб, жаҳон нефть етказиб беришининг 20 фоизи шу ер орқали амалга ошади.

3. Ҳусийлар орқали Боб-эл-Мандебдаги таҳдид

Боб-эл-Мандеб — Қизил денгиз ва Ҳинд океани ўртасидаги муҳим йўл. У ерда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар ҳаракатлантирилиши мумкин. Бу Европа-Осиё ўртасидаги логистика ва савдони издан чиқаради.

4. “Қаршилик ўқи”

Эрон демократия учун миллий иттифоқидан Ҳосра Саеҳ Исфахонийнинг айтишича, Эрон ўзининг “Қаршилик ўқи” тармоғини – прокси гуруҳлар, махфий агентларни фаоллаштириши мумкин. Бу “Ҳизбуллоҳ”, ҳусийлар, Эрон разведкасининг чет элдаги бўлинмаларини қамраб олади.

Натижада АҚШ базаларига зарбалар, террорчилик ҳужумлари, киберҳужумлар, америкалик фуқароларни гаровга олиш каби чоралар амалга оширилиши мумкин.

Барча таҳлилчиларнинг фикрича, АҚШнинг тўғридан тўғри аралашуви Теҳрон томонидан фақат режимга эмас, балки давлатнинг мавжудлигига таҳдид сифатида қабул қилинади.

Ҳамидризо Азизийнинг таъбирича, бундай ҳолда Эрон “ҳамма кўзни ўйнайди” — яъни, барча фронтларда жавоб бериш стратегиясини ишга солади: ҳарбий, энергетик, дипломатик.

Бу эса Яқин Шарқдаги маҳаллий урушни глобал геосиёсий фалокатга айлантиради – оқибатларни олдиндан башорат қилиб бўлмайди.

13 июнга ўтар кечаси Исроил Эрон ядро дастурига қарши ҳарбий операция бошлади. Орадан бир кун ўтмасдан Эрон жавоб ҳужумини амалга оширди. Кейинги кунларда Исроил ва Эрон яна зарбалар беришди. Иккала томон ҳам ушбу ҳужумлар оқибатида қурбонлар ва жабрланганлар ҳақида маълум қилди ва бир қатор нишонларга зарба берганини тан олди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг