АҚШ Исроилнинг Эронга қарши урушига қўшиладими? 

Олам

image

Исроил Эрондаги баъзи муҳим ядровий объектларга ҳужум қилмади, чунки у ер устида эмас, балки чуқур ер остида жойлашган объектларни йўқ қилишга етарли ҳарбий имкониятларга эга эмас. Фақат Америкада бундай имконият бор. Бу ҳақда Британия разведка хизмати – MI6’нинг собиқ раҳбари Жон Сойерс BBC’га берган интервьюсида маълум қилди. 

Унинг фикрича, Вашингтон олдида дилемма турибди – Исроил билан бирга ҳаракат қилиб, ишни якунлаш ёки дипломатик ечим излаш.

Сойерс огоҳлантирадики, агар нотўғри қарор қабул қилинса, Эрон жиддий заифлашиши мумкин, лекин ядровий дастурининг бир қисми омон қолиши эҳтимоли бор.

Унинг айтишича, Исроилнинг асл мақсади — АҚШни урушга тортиш ва уларнинг ҳарбий қудратидан фойдаланиб, Эрон ядровий объектларини тўлиқ йўқ қилиш.

BBC сиёсий шарҳловчиси Крис Мейсоннинг ёзишича, G7 (катта еттилик) саммитидаги дунё етакчилари Трамп Яқин Шарқда яна нима қилишни ният қилганидан ҳайратда. Германия канцлери Фридрих Мерц G7 етакчилари Америка аралашуви ҳақида гаплашишганини айтганди. Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер эса аввалроқ, Трампнинг баёнотларида урушга аралашиш нияти сезилмаганини таъкидлаган эди.

Аммо кейинги соатларда вазият тубдан ўзгарган. Энди G7 етакчилари Трампнинг режаларини тахмин қилишга мажбур. Эрон ҳам, дунё ҳам, айнан шу нарса нима бўлаётганини тушунишга уриняпти.

CBS манбаларига кўра, Трамп Эроннинг ядровий объектларига, жумладан Фордода жойлашган уран бойитиш заводига зарба бериш учун Исроилга қўшилишни кўриб чиқмоқда. Бу масала Оқ уйдаги Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишида муҳокама қилинган ва йиғилиш яқинда якунланган. CBS’нинг манбалари таъкидлашича, Трампнинг маслаҳатчилари ўртасида якдиллик йўқ.

Сиёсатшунос Раджан Менон “The Guardian” нашрига айтишича, Трамп жиддий муаммоли танлов олдида турибди: – агар у Исроилнинг ҳарбий ҳаракатига қўшилса, ўзининг урушга қарши сиёсатидан чекинади, – агар аралашмаса, АҚШдаги исроилпарвар доиралар ғазабига учрайди.

“Бош вазир Биньямин Нетаньяху бевосита таҳдидсиз уруш бошлади, бу эса ядровий келишув музокараларини бузиш ва Теҳронда режимни алмаштириш мақсадига қаратилган. АҚШ ҳозирча фақат техник ёрдам бермоқда, лекин вазият кескинлашган сари Трампга босим ошиб боради. Уруш узоқлашгани сари, нейтрал позицияни сақлаш тобора мушкуллашади. Трамп яқин вақтда очиқ айтиши керак: у “абадий урушлар”га қарши сиёсатчими ёки ҳарбий-сиёсий элита вакилларидан бирими”, дея таъкидлади Менон.

13 июнга ўтар кечаси Исроил Эрон ядро дастурига қарши ҳарбий операция бошлади. Орадан бир кун ўтмасдан Эрон жавоб ҳужумини амалга оширди. Кейинги кунларда Исроил ва Эрон яна зарбалар беришди. Иккала томон ҳам ушбу ҳужумлар оқибатида қурбонлар ва жабрланганлар ҳақида маълум қилди ва бир қатор нишонларга зарба берганини тан олди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг