Эрон 10 млн риаллик банкнотани муомалага киритди

Олам

image

Эрон Марказий банки мамлакат тарихидаги энг йирик номинал – 10 миллион риаллик (тахминан 7 АҚШ доллари) банкнотани муомалага киритди. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.

Марказий банкнинг билдиришича, янги купюра “аҳолининг нақд пулга бўлган эҳтиёжини таъминлаш” учун зарур. Шу билан бирга, мамлакатда электрон тўлов тизимлари ва интернет-банкинг барқарор ишлашда давом этаётгани қайд этилган.

“Financial Times” нашрининг ёзишича, янги банкнота Эронда нақд пулга бўлган кескин талаб фонида муомалага киритилган. Эронликлар электрон тўлов тизимлари тўхтаб қолишидан хавфсираб, ҳисоб рақамларидан пул ечиб олиш учун банкларда соатлаб навбатда турибди. Марказий банк кредит ташкилотларини етарли миқдорда купюралар билан таъминлаётганини даъво қилса-да, банклар нақд пул беришга чекловлар жорий қилмоқда.

Янги пушти рангдаги банкнотанинг олд томонида Язд шаҳридаги IX асрга оид жоме масжиди тасвири, орқа томонида эса 2,5 минг йиллик тарихга эга Бам қалъаси акс эттирилган. Шу ҳафтадан банклар янги купюраларни бера бошлаган, бироқ кўплаб бўлимлар ва банкоматларда нақд пул тезда тугаб қолмоқда.

Эрон Марказий банки янги банкнота аҳолининг нақд пулга бўлган эҳтиёжини енгиллаштиришини таъкидламоқда. Шунга қарамай, расмийлар асосий ҳисоб-китоб воситаси сифатида ҳамон банк карталари ва мобил банкинг қолаётганини уқтирмоқда.

Уруш ҳаракатлари молия тизимига қўшимча босим ўтказган: инфратузилмага берилган зарбалар аҳоли ва бизнес орасида хавотирни кучайтирди. Эрон иқтисодиёти бунгача ҳам АҚШ санкциялари, нефть тушумларининг камайиши, юқори инфлация ва риалнинг қадрсизланиши туфайли оғир аҳволда эди. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 19 февраль ҳолатига кўра, йиллик инфлация 47,5 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсиши эса 105 фоизни ташкил этган.

Инқироз фонида ҳукумат пул ислоҳотини давом эттирмоқда: 2019 йилдан бери янги банкноталар ўтиш даври форматида босилмоқда, ноябрда эса риалдан тўртта нолни олиб ташлаш ҳақида қонун қабул қилинган.

Маълумот учун, 10 миллион риаллик банкнота чиққунига қадар Эроннинг энг йирик купюраси 5 миллион риал эди. Марказий банк уни февраль ойи бошида муомалага киритган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён миллий валютани деноминациялаш ҳақида фармон чиқаргани ҳақида хабар берилган эди. Валюта бирлиги сифатида халқ орасида кенг қўлланадиган, бироқ расмий бўлмаган “туман”ни жорий этиш таклифлари қўллаб-қувватланмаган. Риал юз керанга бўлинади – бу Эроннинг XIX аср ва XX асрнинг биринчи чорагида муомалада бўлган тарихий пул бирлигининг номи. Шу тариқа миллий валюта тўртта нолни йўқотади – 10 минг риал бир риалга тенглаштирилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон банкнота риал

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг