Эрон ҳарбий базаларимизга ракета отиш учун биздан рухсат сўраган – Трамп (видео)
Олам
−
07 Ноябрь 2023
17580АҚШнинг собиқ президенти Трамп Эрон ҳақида илгари ҳеч қачон айтмаган ҳикоясини кўпчилик билан бўлишди. Бу ҳақда у Техасдаги сайловолди чиқишида сўз очди.
“Эронликлар бизга қўнғироқ қилиб, бизни тўғри тушунинг, бошқа иложимиз йўқ, биз сизга зарба беришимиз керак, чунки ўзимизга яраша обрўйимиз бор, деб қолди. Мен ҳам уларни тушундим. Биз Эронга зарба бердик, улар эса кўпчиликка шарманда бўлмасликлари учун нимадир қилишлари керак эди", дейди Трамп.
Унинг айтишича, ўшанда АҚШ маъмурияти маълум ҳарбий базаларига 18 та ракета учиришларига рози бўлган.
"Ўша кечани эслайман: "мушакбозлик"ка бой, ажойиб кеча бўлган. Ўша куни мен мутлақо асабийлашмаган ягона одам эдим, чунки мен нима бўлишини олдиндан билардим. Ахир, улар бизга хавотир олманг, ҳарбий базангизга 18 та ракета учирамиз, аммо уларнинг ҳеч бири мўлжалга тегмайди, деб ваъда берганди", дейди собиқ президент.
Трампнинг ишонтиришича, Эрон отган ракеталар аслида жуда аниқ йўналтириладиган қуроллар бўлган.
"Улар ҳеч қачон нишондан адашмайдиган ракеталар эди. Жуда ишончли ва нишонни жуда аниқ топувчи ракеталар”, дейди Трамп.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 3 январь куни Эроннинг Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) махсус “Қудс” бўлинмаси генерали Қосим Сулаймоний Бағдод аэропортида АҚШ ҳаво ҳужуми натижасида ўлдирилганди. Шундан сўнг, икки мамлакат ўртасидаги сиёсий қарама қаршилик қуролли тўқнашувга айланиш хавфи юзага келганди.
Хусусан, Ироқдаги АҚШ элчихонаси олдига бир неча бор ракета тушган. Бундан ташқари, Эрон Ироқдаги АҚШ ҳарбий базаларини бомбардимон қилганди.
Шунингдек, Эрон Олий раҳбари Али Ҳоманаийнинг сайтида генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлими учун қасос олиш мақсадида Америка ҳарбий базаларига дрон билан зарба берувчи анимацион видео эълон қилинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь