Эркаклиги тахмин қилинган аёл боксчи Олимпиада чемпиони бўлди (видео)
Спорт
−
10 Август
13559Париж Олимпиадасидаги иштироки жинси бўйича баҳсларга сабаб бўлган жазоирлик боксчи Иман Хелиф олтин медални қўлга киритди.
Аёллар ўртасидаги 66 кг вазн тоифасидаги бокс турнирининг финал баҳсида у хитойлик Янг Люни бир овоздан очколар бўйича мағлуб этди. Бу билан Хелиф Африка давлатларидан чиққан бокс бўйича биринчи Олимпия чемпионига айланди.
Шу тариқа спортчи Жазоир тарихидаги еттинчи, 2000 йилдан буён биринчи, шунингдек, аёллар боксида мамлакат тарихида биринчи бўлган Олимпиада ўйинлари медалини қўлга киритди.
Олдинроқ Иман Хелиф билан боғлиқ баҳсли мунозаралар тобора авж олганди. Францияда бўлиб ўтаётган 2024 йилги ёзги Олимпиада ўйинларининг бокс бўйича аёллар ўртасидаги баҳсларда италиялик Анжела Карини рақиби, жазоирлик Иман Халифга қарши жангнинг 46-сониясида тўқнашувни давом эттиришдан бош тортганди. Негаки Анжела Карини жанг давомида рақибининг кучли зарбаларига дош бера олмаган. Илгари тестостерон ва жинсга оид тестлардан ўта олмагани учун жаҳон чемпионатларида қатнашиши тақиқланган Жазоир боксчиси эса рақиби мусобақани тарк этганидан сўнг, Олимпиададаги дастлабки жангида ғалаба қозонди.
Хелиф 2023 йилда Нью-Деҳлида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида олтин медаль учун курашдан бир неча соат олдин Халқаро бокс ассоциациясининг (IBA) мувофиқлик мезонларини бажара олмагани учун дисквалификация қилинган эди. Жазоир Олимпия қўмитаси эса аввалроқ Хелифга қилинган ҳужумларни қоралаганди.
Италия Бош вазири Жоржия Мелони жазоирлик боксчи Иман Хелифнинг 2024 йилги Олимпиада ўйинларида қатнашишига эътироз билдирди. BBC билан бўлган суҳбатида Хелиф олтин медални қўлга киритиш учун келганини айтган.
Бундан ташқари, бокс бўйича аёллар ўртасидаги баҳсларда ўзбекистонлик Ситора Турдибекова Хитой Тайпейи (Тайвань) вакили Лин Юй-Тинга қарши рингга кўтарилиб, якунда мағлубиятга учраганди. Лин Юй-Тин биологик эркак бўлгани учун 2023 йилги аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этмаган, аниқроғи боксчига мундиалда қатнашишга рухсат берилмаган, бироқ Лин Юй-Тинга Халқаро Олимпия қўмитаси Олимпиада баҳсларида қатнашишга рухсат берди.