Эркак собиқ турмуш ўртоғини МИБ биносида пичоқлади
3-саҳифа
−
11 Сентябрь 2021
10914Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида алиментдан қарийб 12 миллион сўм қарздор эркак собиқ турмуш ўртоғини пичоқлади. Бу ҳақда МИБ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судининг жорий йилнинг 20 январидаги ижро варақасига асосан қарздор А.О.дан, ундирувчи Ш.А. фойдасига вояга етмаган 3 нафар фарзанди моддий таъминоти учун даромадидан ярми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Мазкур ижро варақаси бюронинг Янгийўл шаҳар бўлими иш юритувига жорий йил 4 февралда келиб тушган.
Ижро ҳужжати юзасидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида, қарздор алимент тўловларини тўлашдан бўйин товлаб келган ва жорий йил 10 сентябрь ҳолатига қарздорлиги 11 миллион 864 минг сўмни ташкил этган.
Шу сабабли, ижро ҳаракатлари давомида, давлат ижрочиси Б.Исматиллаев томонидан қарздор О.А. алимент тўловларини тўлашдан бўйин товлагани сабабли, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддасига (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) асосан маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун судга тақдим этиши ҳақида маълум қилинган.
Шундан сўнг, кеча, 10 сентябрь куни МИБ Янгийўл шаҳар бўлимига қарздор О.А. ва Ш.А. ташриф буюрган.
Давлат ижрочиси ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида, қарздор О.А. ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан кутилмаганда ундирувчи Ш.А.га ташланиб, унинг танасининг қўл ва елка қисмларига бир неча тан жароҳати етказган.
Давлат ижрочиси Б.Исматиллаев ва бошқа бўлим ходимларининг фаол ҳаракатлари билан фуқаро О.А.нинг кейинги агрессив ҳужумларининг олдини олинган.
Бюронинг Янгийўл шаҳар бўлими ходимлари томонидан воқеа ҳақида Янгийўл шаҳар ИИБ ходимлари ва тез тиббий ёрдам хизматига маълум қилинган ва фуқаро О.А. ички ишлар ходимлари томонидан воқеа жойидан олиб кетилган.
Тан жароҳати олган фуқаро Ш.А. зудлик билан тез ёрдам бригадаси орқали шифохонага етказилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Янгийўл шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25-97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов олди текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси