Эрдўғаннинг асосий рақибини ҳибсга олишга ордер берилди

Олам

image

Туркиянинг Истанбул шаҳри ҳокими ва мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғлини  ҳибсга олиш бўйича ордер берилди. Бу ҳақда “Sabah” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Имомўғли, унинг матбуот котиби Мурат Онгун ва яна 100 га яқин кишини коррупцияга қарши операция доирасида қўлга олиш қарори чиқарилган. Шунингдек, шаҳар ҳокимининг уйида тинтув бошланган.

“Операция доирасида Истанбул шаҳар ҳокими Экрем Имомўғли ва унинг матбуот бўйича маслаҳатчиси Мурат Онгунга нисбатан ҳибсга олиш қарори чиқарилди. 100 га яқин киши, жумладан журналистлар ва тадбиркорлар ҳам тергов остида. Операция Medya A.Ş компаниясидаги давлат харидлари ва Курдистон Ишчи партияси (ПКК) ҳамда “Жумҳурият Халқ” партияси ўртасида тузилган “шаҳар келишуви” билан боғлиқ экани айтилмоқда. Шунингдек, Имомўғлининг Сариердаги уйи атрофида кўплаб полиция ходимлари хавфсизлик чоралари кўрган. Маълумотларга кўра, унинг уйида тинтув ишлари олиб борилган”, дейилади хабарда.

18 март куни Истанбул университети Имомўғлининг дипломини бекор қилганини эълон қилди. Диплом беришда йўл қўйилган хатолик туфайли қабул қилинган бу қарор Туркия қонунчилигига кўра, Имомўғлини президентликка номзодини қўйиш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Сабаб сифатида 1990 йилда Имомўғлининг Шимолий Кипр университетидан Истанбул университетига ноқонуний равишда ўтказилгани кўрсатилган.

Туркия қонунчилигига кўра, президентликка номзод бўлиш учун олий маълумот талаб этилади, шу сабабли ушбу қарор Имомўғлининг сайловда қатнашиш ҳуқуқини бекор қилади. У билан бирга яна 27 кишининг дипломлари ҳам ҳақиқий эмас деб топилган.

Туркиянинг асосий мухолифат партияси – “Жумҳурият Халқ” партияси ушбу қарорга парламент даражасида норозилик билдирган. Бунга жавобан Истанбул университети Туркия Олий таълим кенгаши (YÖK) Имомўғлининг дипломини сохталаштирилган деб топгани ва шу асосда бекор қилинганини эълон қилган. Ушбу масала юзасидан барча ҳужжатлар Истанбул прокуратураси ва YÖK'га қўшимча тергов учун топширилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Жумҳурият Халқ” партияси аъзоси Экрем Имомўғли Анқарада сўзлаган нутқида Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг даври тугаганини айтган эди. Шунингдек, у Эрдўған сиёсати фақатгина ёмонлик келтирганини, давлатда бошқарув сарой тизимига ўтиб кетганини, Туркияга сарой эмас, аксинча, парламент кераклигини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Экрем Имомўғли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг