Эрдўғанни дунё етакчилари қандай табриклади?
Олам
−
29 Май 2023
9315Кеча, 28 май куни Туркияда президентлик сайловининг иккинчи турида ғалаба қилган Ражаб Тойиб Эрдўғанга дунё етакчилари томонидан табрикномалар юборилди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Эрдўғанни давлат раҳбари этиб қайта сайлангани билан қутлаб, Туркия ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришни интиқлик билан кутаётганини билдирган.
Шунингдек, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эса Twitter'да туркиялик сайловчиларни Эрдўғанни қайта сайлагани, сайловларда демократик анъаналарни акс эттирувчи фаоллик кўрсатгани учун қутлаган.
“Туркия НАТОнинг қимматли иттифоқчиси ва ҳамкоридир. Турк халқи томонидан сайланган ҳукумат билан ишимизни давом эттиришни интиқлик билан кутамиз”, деб ёзган Блинкен.
Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов эса Эрдўғанга телефон қилиб, унинг сиёсий муваффақияти ва демократик иродасининг ғалабаси билан самимий табриклаган.
Телефон суҳбатида етакчилар сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ҳар томонлама кенгайтириш тарафдори эканлигини яна бир бор тасдиқлаган, шунингдек, ишонч, ҳурмат ва ўзаро англашув барча соҳаларда кўп томонлама давлатлараро ҳамкорликни муваффақиятли давом эттиришга хизмат қилишига ишонч билдирган.
Иордания қироли Абдуллаҳ II эса Туркия раҳбарига табрик телеграммаси йўллаб, унда икки мамлакат ва халқлар манфаатларига хизмат қиладиган, шунингдек, минтақавий ва ҳамкорлик алоқалари ривожига ҳисса қўшадиган икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш қатъиятини таъкидлаган. Иордания қироли Эрдўғанга муваффақиятлар, турк халқига эса тараққиёт ва фаровонлик тилаган.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди эса Туркия Президентини Twitter'да табриклаган. Моди Ҳиндистон ва Туркия ўртасидаги алоқалар, шунингдек, глобал муаммолар бўйича ҳамкорлик келажакда ҳам ривожланиб боришига ишонч билдирган.
Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам Эрдўғанни Twitter'да табриклаган ва у билан икки давлат манфаати йўлида стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, Европа хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш бўйича ҳамкорликни кучайтиришни интиқлик билан кутишини билдирган.
Бундан ташқари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Президентлари, шунингдек, Лотин Америкаси мамлакатлари Аргентина, Парагвай, Куба, Эквадор, Гватемала, Боливия, Доминикан Республикаси етакчилари ҳам Эрдўғанга табрик йўллаган.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Олий сайлов кенгаши раиси Аҳмет Енер сайлов бюллетенларининг мутлақ кўпчилигини санаб чиқиш натижаларига кўра, амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған президентлик сайловларининг иккинчи босқичида ғолиб бўлганини маълум қилганди. Унга кўра, бюллетенларнинг 99,43 фоизини санаб чиқиш натижаларига кўра, Ражаб Тойиб Эрдўған 52,14 %, Камол Қиличдорўғли эса 47,86 % овоз олган. Кеча, 28 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Эрдўғанга телефон қилиб табриклаганди. Эрдўған эса Истанбулдаги чиқишида Мирзиёев лозим бўлса Туркияга етиб боришини билдирганини айтди. АҚШ Президенти Байден, Россия Президенти Путин ҳам Эрдўғанни ғалабаси билан қутлади.
LiveБарчаси