Эрдўған ЕИдан виза бўйича жавоб кутмоқда

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 14 июль куни Европа Иттифоқидан Туркия учун визасиз режимга ўтиш ва аъзоликка кириш борасидаги музокараларни жонлантириш бўйича жавоб кутаётганини айтди. Бу ҳақда “A Haber” телеканали хабар берди.

“Ҳозир биз Европа Иттифоқидан жавоб кутяпмиз. Вильнюсдаги НАТО саммити доирасида биз Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар раҳбарлари билан бу масалаларни батафсил муҳокама қилдик. Уларнинг барчаси билан бу учрашувларни ўтказдик ва айтдикки, биз 52 йилдан бери эшик олдида кутиб турган Туркияга нисбатан ижобий қадамлар қўйилишини истаймиз”, деган Эрдўған Истанбулда журналистлар билан суҳбатда.

Манбада келтирилишича, Эрдўғаннинг Европа етакчилари ва Европа Иттифоқи раҳбарияти билан мулоқотлари натижасида Туркиянинг Европа интеграцияси жараёнини фаоллаштириш бўйича айрим келишувларга эришилган. Хусусан, Туркиянинг бу борадаги асосий мақсадлари орасида визани бекор қилиш ва Европа Иттифоқи Божхона иттифоқи доирасидаги ҳамкорлик бор.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркия расмийлари Швециянинг НАТОга 2022 йил май ойида тақдим этган аризасини тасдиқлашнинг асосий шарти терроризмга қарши кураш бўйича Мадрид меморандуми мажбуриятларини бажариш бўлиши кераклигини таъкидлаган эди. Бироқ, Туркия раҳбари НАТО саммитига учишдан олдин Анқаранинг ЕИга аъзолиги йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш эвазига Туркия Швециянинг альянсга қўшилиш аризасини қўллаб-қувватлашини айтди. Шундан сўнг НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ва Америка Қўшма Штатлари маъмурияти Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишга интилишини қўллаб-қувватлашини билдирди. Шунингдек, АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Президент Жо Байден Туркияга F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш ташаббусини қўллаб-қувватлашини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

виза Туркия Европа Иттифоқи Эрдўған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг