Туркия қил устида

Таҳлил

Бугунги кунда Туркияда Эрдўғанга рақобат туғдириши мумкин бўлган энг таъсирли мухолиф, Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши ортидан намойишлар тўхтамаяпти. Талабалар мазкур намойишларда асосий ўринни эгаллаётганини кўриш мумкин. Маҳаллий нашрларга кўра, Истанбул университети талабаларининг норозилик чиқишлари чоғида полиция уларга куч ишлатган. Маҳаллий журналистнинг таъкидлашича, Экрем Имомўғлини қўллаб кўчага чиққан талабалар Истанбул университетида полиция баррикадаларини ёриб ўтиб, Боязид майдонига чиққан. Шунингдек, юзлаб шаҳар ҳокимияти ходимлари ҳам ҳокимият биноси олдида йиғилган. Айни пайтда бутун турк сиёсий доиралари иккига бўлинган. Имомўғлини аллақачон навбатдаги президент сифатида кўрадиган тарафдорлари, партиядошлари бу ҳолатни унга нисбатан қилинган “тўнтариш” дея таърифлаётган бўлса, Эрдўған атрофидагилар ва ҳукмрон партия вакиллари амалдаги президентнинг бу ишга алоқаси йўқлигини таъкидламоқда. Коррупция ва яна бир қанча жиноятларда гумонланаётган Истанбул ҳокими ҳибсга олингандан сўнг, ижтимоий тармоқларда баёнот беришга ҳам улгурди. У “қатъий экани” ва “шаҳар аҳолиси ҳамда бутун Туркияга ишонишини” билдирган. Полиция хабарига кўра эса, Имомўғли камида тўрт кун давомида қамоқда қолади. Бу орада Истанбулда намойишларга қўйилган чекловлар вазиятни юмшата олмаяпти.

Имомўғли нега ҳибсда?

Экрем Имомўғли кеча куннинг биринчи қисмида қўлга олингандан сўнг, куннинг иккинчи қисми Истанбулда анча зиддиятли кўриниш олди. Истанбул ҳокими атрофидаги бундай воқеалар кутилганидек, тўғридан тўғри президент Эрдўғанга боғлаб талқин қилинди. Шундан сўнг мазкур ҳолат юзасидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч ўзининг тегишли баёнотини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул ҳокимига нисбатан ҳам ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Билдирилишича, бу масалада Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бири терроризм, иккинчиси эса уюшган жиноятлар. Терроризмга оид жиноятларни тергов қилиш бўйича бюро томонидан олиб борилаётган тергов доирасида 7 кишига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Ушбу терговда гумонланувчилар террорчилик ташкилотига ёрдам бериш жиноятини содир этганликлари иддао қилинмоқда. Бу террорчилик ташкилоти эса Туркияга узоқ йиллардан буён хавф туғдирадиган Курдистон ишчи партияси террорчи ташкилотидир. Шунингдек, Уюшган жиноятларни тергов қилиш бюроси томонидан ҳам тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу тергов доирасида эса 100 нафар гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Улар жиноий уюшма таркибида порахўрлик, товламачилик, кимошди савдоларида тил бириктириш, фирибгарлик, шахсий маълумотларни қонунга хилоф равишда эгаллаш каби жиноятларни содир этганликлари айтилмоқда. Шундай қилиб, иккала тергов бўйича жами 106 нафар гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд. Хўш, терроризм бўйича 7 киши, уюшган жиноятчилик бўйича 100 киши қўлга олинди. Аммо жами гумондорлар 107 эмас, 106 нафарни ташкил қилади. Ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Чунки Истанбул ҳокими юқорида қайд этилган иккала терговда, яъни терроризмда ҳам, уюшган жиноятчиликда ҳам гумонланмоқда. У бу борада 106 киши ичида ягона.

Эрдўған номи ҳимоя қилинмоқда

Адлия вазири Йилмаз Тунч Туркия фуқароларини вазиятни нотўғри талқин қилмасликка чақирди. У Имомўғли ва юзлаб бошқа шахсларга қўзғатилган терговга нисбатан иш мазмуни, даъво ва далиллардан бехабар ҳолда баҳо бериш тўғри эмаслигини урғулаган. Адлия вазири холис ва мустақил суд олиб бораётган терговларни турли томонларга тортиш, тўнтарув каби иборалар билан тавсифлаш ўта хавфли ва хато эканини айтган. Шу билан бирга, вазир ҳуқуқий давлатда, агар жиноят содир этилгани ҳақида даъво бўлса, ҳимоя кўчаларда эмас, балки суд органларида бўлиши лозимлигини айтди. Йилмаз Тунч бўлаётган ишларга Эрдўған номи аралаштирганларни эҳтиёт бўлишга чақирди. У Имомўғлининг терговини Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга боғлашни, “энг енгил таъбир билан айтганда, ҳаддидан ошиш, ҳаддини билмаслик” деб атади. Туркия Президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун эса Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олингани ортидан давлат раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар айтилаётганини иддао қилди. Алтун бундай ишлар асосан мухолифат партия раҳбарлари томонидан сиёсий ва мафкуравий сабаблар билан терговнинг яхлитлигига путур етказиш учун қилинмоқда, дея таъкидлади. 

Эрдўғаннинг ўзи эса бу воқеаларга бироз бошқачароқ изоҳ берди. У Имомўғлининг ҳибсга олинишига эътирозлар ва қаршиликлар фонида “ҳукуматга мухолифат бўлганлар билан мамлакатга мухолиф бўлганларни аралаштириб юборадиганларга бирор нарса дейиш бефойда” деди. Орадан бир кун ўтиб Эрдўған мухолифат масаласида яна баёнот берди. У мухолифат диплом ва коррупция иши бўйича адлияга ҳеч қачон жавоб бера олмаслигини айтди. Шунингдек, “агар улар бизнинг муниципалитетларимизда қонунбузарлик йўқ дейишса, гаплашамиз, муҳокама қиламиз, лекин буни айта олмайдилар” дея қўшимча қилди Туркия Президенти.

Ғарбнинг реакцияси

Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши ортидан Европа Иттифоқи мамлакатлари ва АҚШ расмийлари ўз муносабатини билдирди. АҚШнинг мазкур воқеаларга берган реакциясида бугун ҳокимият тепасида Трамп тургани билинди. Давлат департаменти воизи Тэмми Брюс Қўшма Штатлар бошқа мамлакатларнинг ички қарорларини изоҳламаслигини айтди. Бироқ шундай бўласа-да, Туркияни инсон ҳуқуқларига риоя қилишга чақирди. Европа расмийлари эса ўз риторикасига содиқ қолди. Улар бир неча ўн йилликлардан буён ЕИга киришни остонада кутиб турган, аммо бунга йўл берилмаётган Туркияга Иттифоққа киришга даъвогар мамлакат эканини эслатди. Шунингдек, қатор қитъа расмийлари Туркияни бу масалада танқид қилди. Жумладан, Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Имомўғли ва бошқа кўплаб турк мухолифати вакилларининг ҳибсга олинишини кескин қоралаб, бу ҳолатни “Туркия демократиясига жиддий зарба” деб атади. Унинг таъкидлашича, Туркияда мухолиф сиёсатчилар учун майдон борган сари торайиб бормоқда.

Франция ҳам Туркиядаги воқеаларни танқид қилди. Мамлакат ҳукумати Экрем Имомўғли ва унинг тарафдорлари ҳибсга олинишидан чуқур хавотирда эканини билдирди. Франция Ташқи ишлар вазирлиги мулозими Кристоф Лемуан журналистларга берган баёнотида Туркия ҳукумати ҳаракатлари турк демократияси учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотирда эканини таъкидлади. Шунингдек, Париж мери Анн Идальго бу воқеани “Эрдўған режими томонидан мухолиф мерларни бостириш йўлидаги навбатдаги қадам” деб атади. Ҳатто Туркиянинг ташқи майдондаги энг катта муаммоларидан бири бўлган Греция расмийси ҳам Имомўғли билан бирдамлик намойиш қилди. Афина мери Харис Дукас ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “Дўстим Экрем, биз сенинг ёнингдамиз” деб ёзди. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Кая Каллас ҳамда ЕИнинг кенгайиш масалалари бўйича комиссари Марта Кос томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда эса Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли ҳибсга олиниши ва 2025 йил бошидан буён давлат амалдорлари, фаоллар, фуқаролик жамияти вакиллари, тадбиркорлар ва журналистларга нисбатан таъқиблар кучайгани Туркиянинг узоқ йиллик демократик анъаналарига содиқлиги борасида саволлар туғдириши таъкидланган. Евроиттифоқ Анқарани ҳуқуқий меъёрларга риоя қилишга чақирди.

Мухолифат қадамлари

Имомўғлининг қўлга олиниши ортидан мухолифатдаги Жумҳурият Халқ Партиясининг энг дастлабки қадамлари Истанбул ҳокиминг уйини зиёрат қилишдан бошланди. Имомўғли ҳибсга олингандан бироз ўтиб, ЖХП етакчиси Ўзғур Ўзел унинг уйига бориб оила аъзолари билан учрашди. Шундан сўнг тармоқларда мухолифат партияга алоқадор сиёсатчилар томонидан Имомўғлини қўллаб-қувватлаш бошланди. 19 март куни кечаси Экремнинг аёли Дилек Имомўғли Сарачхонада 10 минглаб йиғилган одамлар қаршисида сўзга чиқиб, эри Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши 16 миллион Истанбул аҳолисининг иродаси ҳибсга олинганини англатишини айтди. У барчани бирдамликка чақириб, ҳаракатларни тўхтатмасликка даъват қилди. Партия етакчиси Ўзғур Ўзел эса бутун Туркия аҳолисини 23 март, яъни ЖХПнинг 2028 йилги президентлик сайловлари учун номзод кўрсатадиган праймериз кунида Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши намойишларга чиқишга чақирди. У барчани Имомўғлини Туркиянинг бўлажак президенти сифатида қўллаб-қувватлашга чақирди. Қаршилик ҳаракатлари парламентда ҳам авжига чиқди. 20 март куни Туркиянинг асосий мухолифатдаги Жумҳурият Халқ Партияси (ЖХП) аъзолари ўзларининг партиядошлари Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига норозилик сифатида минбарга тўпланиб, парламент Бош ассамблеяси ишини тўсиб қўйишди. Шу сабабли Бош ассамблея йиғилиши қолдирилди.

Бу орада Истанбул расмийлари шаҳарда оммавий тадбирларни 23 мартгача тақиқлади, бироқ ЖХП раҳбари ўз тарафдорларини Истанбул ҳокимининг ҳибсга олинишига норозилик билдиришга чақиргани ортидан чекловларга риоя қилиш унутилган. Кўп минг кишилик митинг иштирокчилари Имомўғли билан бирдамлик шиорларини айтиб, ҳукумат ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған истеъфосини талаб қилишмоқда. Вазият эса борган сари кескинлашмоқда. Чунки Истанбул ҳокимининг ҳибсга олинишига қарши намойишлар Истанбул билан чекланиб қолмади. Норозилик кайфияти пойтахтга кўчган. 20 март тугаб, 21 мартга ўтар кечаси Аданада ҳам марш бўлиб ўтди. Мазкур кескинликлар фонида Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги Ўзбекистон фуқароларига огоҳлантириш билан чиқди. Унда қайд этилишича, Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари ижтимоий тармоқларда провокацион постлар жойлаштирган 261 кишини аниқлаган ва 37 кишини ҳибсга олган. Шу сабабли, консулхона, ижтимоий тармоқларда ҳар қандай хабар ёки фикр билдиришда жуда эҳтиёт бўлишга чақирди. Хавфсизликни таъминлаш учун эса қуйидагиларга амал қилиш кераклиги таъкидланди. Жумладан:

  • Ҳар қандай норозилик намойишлари, митинглар ва оммавий йиғинлардан узоқроқ бўлиш;
  • Одам гавжум жойларга бормаслик ва ҳаракатланиш йўналишини олдиндан режалаштириш;
  • Ижтимоий тармоқларда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш, провокацион хабарларни жойлаштирмаслик ва тарқатмаслик;
  • Расмий хабарларга эътибор бериш ва вазият бўйича янгиликларни кузатиб бориш;
  • Фавқулодда ҳолатларда Бош консулхона билан боғланиш.

Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Экрем Имомўғли Жумҳурият Халқ Партияси Ўзғур Ўзел Мухолифат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг