Эрдўған Украинада Зеленскийнинг олдига қандай “талаб” қўйиши тахмин қилинди

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эртага, 18 август куни Львовда бўлиб ўтадиган уч томонлама учрашувда Украина инқирозини ҳал қилиш учун Истанбул жараёнини қайта тиклаш тарафдори бўлиши мумкин. Бу ҳақда ТАСС’га Анқарадаги манба Эрдўған, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва Украина Президенти Владимир Зеленский иштирокида бўлажак учрашувни шарҳлар экан, маълум қилган. 

"Эрдўған аввалроқ ғалла бўйича келишувнинг муваффақиятли амалга оширилиши Украинадаги вазиятни тартибга солиш бўйича музокараларни қайта бошлаш учун асос бўлиши мумкинлигини айтганди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича келишувлар муваффақиятсизликларсиз амалга оширилмоқда, шунинг учун Туркия Президенти, менимча,  Истанбулда бошланган жараённи тиклаш ҳақида гапиради”, дейди агентлик манбаси. 

Жорий йилнинг 29 март куни Истанбулда Россия Федерацияси ва Украина делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди, улар Украина инқирозини ҳал қилиш бўйича муайян келишувларга эришдилар, бироқ кейинчалик Украина томони музокаралардан чиқди. 

Туркия Президенти маъмурияти аввалроқ хабар қилганидек, Лвовдаги музокараларда ғалла бўйича келишувни амалга ошириш ва Украина инқирозини дипломатик йўл билан ҳал қилиш бўйича мумкин бўлган қадамларни муҳокама қилиш режалаштирилган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 март куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Долмабахче саройида Россия-Украина делегацияларининг навбатдаги музокаралари бўлиб ўтди. Унда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам иштирок этди. Шуниси аҳамиятлики, ушбу учрашув 7 март куни Брестда ўтказилган музокаралардан кейинги илк юзма-юз мулоқот эди. 

Музокараларда Россия делегацияси раҳбари сифатида иштирок этган Россия Федерацияси Президенти ёрдамчиси Владимир Мединский кўра, Украина томони Москванинг нейтрал бўлиш, ядровий мамлакатга айланмаслик, бошқа мамлакатларнинг ҳарбий базаларини киритмаслик ва қўшилмаслик бўйича талабини бажариш юзасидан ёзма ҳужжат тақдим этган.

Учрашувдан кейин Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль Россия ва Украина музокараларидан қониқмаганини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

81

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг