Эрдўған Штайнмайерга Исроил фаластинликларнинг ўлими учун бадал тўлашини айтди
Олам
−
18 Ноябрь 2023
4723Кеча, 17 ноябрь куни Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған Берлинда Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан учрашди. Бу ҳақда Туркия Президенти маъмуриятининг алоқа бўлими хабар қилди.
Франк-Вальтер Штайнмайер туркиялик мавқедошини Бельвю қароргоҳида кутиб олди. Ражаб Тойиб Эрдўған Фахрий меҳмонлар китобига ёзув қолдиргандан кейин Туркия ва Германия раҳбарларининг яккама-якка ва кенгайтирилган таркибдаги музокаралари бошланди.
Туркия Президенти музокаралар давомида Исроил Фаластин ҳудудларига ҳужумларини тўхтатиши кераклигини айтди. Эрдўған фаластинликларга нисбатан инсон ҳуқуқлари бузилишига бутун дунё ҳамжамиятидан муносиб жавоб бериш зарурлигига ишора қилди.
Хабарга кўра, учрашувда Исроилнинг Ғазо секторидаги тажовузи, Туркия ва Германия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ва глобал муаммолар муҳокама қилинган.
Туркия давлат раҳбари минтақада зудлик билан ўт очишни тўхтатиб, гуманитар ёрдам етказилиши таъминланиши кераклигини таъкидлаган. Унинг айтишича, "қон тўкилиши давом этар экан, инсоният ҳар куни йўқолади".
Етакчилар Исроил-Фаластин муаммосини ҳал қилиш ва барқарор тинчликка эришишнинг ягона йўли икки давлат ечими эканини қайд этган.
Билдирилишича, Президентлар Фаластинда ўт очишни тўхтатиш ва минтақага гуманитар ёрдам етказилишини таъминлаш учун ҳамкорлик қилишга келишиб олган.
Учрашувда Туркия томонидан Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан, Савдо вазири Ўмер Болат, ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси раиси ўринбосари Зафер Сиракая, Туркиянинг Берлиндаги элчиси Аҳмет Башар Шен, Президент маъмуриятининг алоқа бўлими раҳбари Фаҳреттин Алтун ва Хавфсизлик бўйича бош маслаҳатчи элчи Акиф Чагатай Қилич қатнашган.
LiveБарчаси