Эрдўған сайловни 14 майда ўтказиш ҳақидаги қарорни имзоламоқчи
Олам
−
28 Февраль 2023
3777Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 14 май куни бўлиб ўтадиган президентлик ва парламент сайловларини 10 ёки 11 март кунлари расман эълон қилиши кутилмоқда. Бу ҳақда ҳукуматга яқин “Sabah” газетаси хабар берди.
Нашрнинг қайд этишича, Эрдўған ҳам, президент билан сайлов иттифоқида бўлган Миллатчи Ҳаракат партияси (МҲП) етакчиси Давлат Боғчали ҳам сайловларни 14 май куни ўтказиш зарурлиги борасида ҳамфикрдир. Мамлакатда содир бўлган даҳшатли зилзилаларга қарамай, бу сана кун тартибида қолмоқда. Газетанинг қайд этишича, Эрдўған 14 майни сайлов куни деб эълон қилмоқчи, яъни форс-мажор ҳолатлари юзага келмаса, тегишли фармонни имзолайди.
Шу билан бирга “Sabah” газетасининг изоҳ беришича, сайлов санасини эълон қилиш учун конституцияга кўра, парламентнинг қарори ёки Президентнинг алоҳида фармони талаб қилинади, бунинг учун Миллий Мажлиснинг тасдиғи керак эмас. Шунга кўра, Марказий сайлов комиссияси эълон қилинган санадан келиб чиқиб, уни 60 кун ичида ўтказиш учун тайёргарлик кўради.
Асосий масала – зилзиладан жабр кўрган 11 вилоятда овоз бериш тартиби.
27 февралдан бошлаб Марказий сайлов комиссияси зилзилалардан кейин катта вайронагарчиликлар юзага келганини инобатга олган ҳолда, овоз бериш амалда қандай аниқ ташкил этилиши, қайси ҳудудларда ва қайси муассасалар негизида ўтказилиши юзасидан қарор қабул қилиш мақсадида ҳудудларни текширишга киришади. Контейнер шаҳарчаларида сайлов участкалари ва кўчма овоз бериш пунктларини ташкил этиш масаласи ҳам ўрганилади.
Бундан ташқари, МСК жабрланган ҳудудларнинг уларни тарк этган ва бошқа вилоятларга вақтинча қўним топган юз минглаб аҳолиси учун кўрсатмалар ишлаб чиқиши керак. Бунда сайловчиларни рўйхатга олиш ва рўйхатларини шакллантириш яшаш жойи бўйича амалга оширилаётгани, кўплаб кўчирилганларнинг эса янги жойда рўйхатга олиш ҳужжатлари ҳали мавжуд эмаслиги сабабли айрим қийинчиликлар юзага келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Эрдўған бундан бир неча ҳафта аввал мамлакатда кутилаётган сайлов ёз ойларида эмас, балки майнинг биринчи ярмида ўтказилиши таклиф қилганди. Давлат раҳбари бунга сабаб сифатида кўплаб фуқароларнинг ёз ойларида мамлакатни таътил сабабли тарк этиб, сайлов жараёнларида қатнаша олмаслиги билан боғлаганди. Кейинроқ у сайловни 14 май куни ўтказишни таклиф қилди. Боиси бундан 73 йил аввал, 1950 йилнинг 14 май куни Туркияда илк бор кўп партиявийликка қадам ташланган. Шу йили Аднан Мендерес ва Жалол Баяр бошчилигидаги Демократлар Отатурк таъсис қилган ва 27 йил иқтидорда бўлган “Жумҳурият халқ” партияси устидан ғалабага эришиб, мамлакат бошқарувини қўлга олган.
LiveБарчаси