Эрдўған НАТО қароргоҳидан туриб Путин билан орасини бузадиган гапни айтди
Олам
−
25 Март 2022
73282Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған НАТО қароргоҳидан туриб Россия ва Путиннинг жиғига тегадиган гапларни айтди. Анқара икки мамлакат – Россия ва Украинани дўст деб билиши, аммо Қримнинг аннексиясини тан олмагани, бундан кейин ҳам тан олмаслиги урғуланди.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, Туркия Украинага нисбатан принципиал сиёсат юритмоқда, НАТО эса сиёсий ва амалий ёрдамини сақлаб қолган ҳолда реал йўлдан бормоқда.
“Биз бугун нафақат Европа хавфсизлик архитектураси, балки глобал хавфсизлик тушунчаси ҳам тубдан ўзгарган жараённи бошдан кечирмоқдамиз.
НАТО иттифоқчилари сифатида ҳозирги ўзгаришларни ва хавфсизлик муҳитида альянс томонидан кўрилган чораларни баҳолаш учун бирлашдик. 25 февраль куни видеоконференция орқали ўтказилган саммитдан сўнг НАТО яна бир бор бирлик ва ҳамжиҳатлигини намойиш этди.
Туркиянинг 2014 йилдан бери Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини кучли қўллаб-қувватлагани ҳаммага маълум. Биз Қримнинг аннексия қилинишини тан олмаганмиз ва тан олмаслигимизни ҳар фурсатда билдирдик ва буни давом эттирмоқдамиз”, дейди Ражаб Тойиб Эрдўған.
Эрдўған Россиянинг Украинада олиб бораётган ҳарбий ҳаракатларини ҳам мамлакат суверенитетига ҳужум деб таърифлади.
“Саммит муносабати билан мен Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашимизни қатъий таъкидладим. Россиянинг Украинага ҳужуми бўйича бизнинг позициямиз ана шу принципиал сиёсатга тўғри келади ва аниқ. Уруш оқибатида юзага келган ҳалокат ва инсоният фожиаси яққол кўриниб турибди. Вайрон бўлган шаҳарлар, деярли вайронага айланган шифохоналар, мактаблар, уйлар, бутун борлиғини чамадонга солиб кетаётган қочқинлар, қўрқув ва хавотир чангалида қийналган бегуноҳ болалар урушнинг қонли юзини эслатди”, дейди Туркия раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 24 март куни Брюсселда бўлиб ўтган НАТОнинг фавқулодда саммити якунида альянсга аъзолар Украинага қўшин юбормасликка келишиб олдилар. Аммо НАТО Украинани кимёвий, биологик ва ядровий қуроллардан, шунингдек, кибермудофаадан ҳимоя қилиш учун ускуналар беради.