Эрдўған Мирзиёев билан келишувлардаги муҳим жиҳатга тўхталди

Жамият 3323
image

Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг йиғилишлари бундан буён икки йилда бир марта эмас, балки ҳар йили ўтказилади. Қолаверса, мамлакатлар ўзаро товар айирбошлашни 10 миллиард долларга етказади. Бу ҳақда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи мажлисидан кейин Президент Шавкат Мирзиёев билан имзолаган қўшма баёнотида маълум қилди. 

Туркия раҳбарига кўра, ўзаро савдо ҳажми ўтган йили 72 фоизга ўсиб 3,6 миллиард доллардан ошган.  

“Энг қисқа вақт ичида – бир йил муҳлат олдик – 5 миллиард долларлик довонни ошиб ўтамиз. Бу билан тўхтаб қолмаймиз. Биргаликда ташлайдиган қадамларимиз билан 10 миллиард долларга етамиз”, дейди Ражаб Тойиб Эрдўған. 

Шунингдек, Туркия Президенти Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишини ҳар йили ўтказиш белгиланганини айтди. 

“Бу йиғилишни икки йилда бир марта эмас, балки йилига бир марта ўтказиш орқали барча бу қадамларни яқиндан кузатиб боришни хоҳлаймиз. Бугун имзоланган Имтиёзли савдо шартномаси туфайли мақсадларимизга тезроқ эришамиз деб ўйлайман. 10 та шартнома имзоланди. Ушбу 10 та шартноманинг имзоланиши Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги бу жараённинг янада кучлироқ ривожланишини англатади”, дейди Эрдўған. 

Қўшма баёнотда қайд этилишича, турк ширкатларининг Ўзбекистонга киритган сармояси 1,5 миллиард долларга етган. Пудратчи ташкилотлар бугунгача 5 миллиард долларлик 241 та лойиҳани муваффақиятли якунлаган. 

Эрдўған сўзида давом этаркан, турк ширкатларининг Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияларининг амалга ошишига ҳисса қўшишга тайёр эканлигини алоҳида урғулади ва Президент Шавкат Мирзиёевга туркиялик инвесторларга билдирган ишончи учун ўзи ва халқи номидан миннатдорлик билдирди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 41
Рейтинг: 2.9
t
×