Эрдўған кейинги уч ойда иқтисодий тангликдан чиқиб кетишни ваъда қилди

Олам 3367
image

Туркия жорий йилнинг учинчи чорагида пандемия ортидан келган иқтисодий зарарларни тўлиқ бартараф этмоқда. Бу ҳақда мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 19 сентябрь куни Истанбулнинг Европа ва Осиё қисмларини бирлаштирган 400 километрлик “Шимолий мармар йўли” йўналишининг бешинчи босқичи очилиш маросимида гапирди. 

Туркия метрополининг шимолидаги Явуз Султон Селим осма кўприги орқали ўтадиган автомобиль йўли Истанбул орқали юк ташишни сезиларли даражада енгиллаштиради. 

Янги йўналиш туфайли Истанбул ва Бурса ўртасидаги йўналиш бир ярим соатга қисқаради. Метрополдан Эскишеҳир шаҳрига бор-йўғи 2,5 соат ичида бориш мумкин бўлади ва Истанбулдан Измир ёки Анқарага саёҳат вақти 3,5 соатгача пасаяди. 

Йўлнинг очилиш қисмидаги иштирокчиларга видеоконференция орқали мурожаат қилган Эрдўған янги йўналиш Истанбулнинг транспорт сиғимини енгиллаштириб ва бутун Туркиянинг иқтисодий ривожланишига муҳим ҳисса қўшишини айтди. "Янги йўналиш Туркия иқтисодиётига ҳар йили 595 миллион турк лирасини тежашга имкон беради", деб тушунтирди Президент. 

Туркия раҳбари “Адолат ва тараққиёт партияси” иқтидорга келган даврда 81 вилоятнинг ҳар бирида иқтисодий ўсиш қайд этилганини таъкидлади. 

"Муайян доиралар Туркиянинг ривожланишини тўхтатиш, ички муаммоларини ҳал қилишига тўсиқ қўйиш, Ливия, Сурия ва бошқа минтақаларда қадам босишига қарши чиқишга уринмоқдалар. 2016 йил 15 июлдаги ҳарбий тўнтаришга уриниш айнан шу нарсага қаратилган эди. Халқ ва ҳокимият бирдам экан, улар бизни тўхтата олмайди”, дейди Президент. 

Эрдўған пандемиядан энг кам зарар кўрган мамлакатлар орасида Туркия борлигини эслади.  "Йилнинг учинчи чорагида барча соҳаларда пандемиядан келтирилган зарар бартараф этилади", деб ваъда қилди у. 

Президент Туркия иқтисодиёти учун салбий прогнозларни эълон қилган бир қатор рейтинг агентликлари позициясига эътибор қаратди: 

“Туркия ўз ютуқлари билан инвесторларнинг ишончини пасайтириб, мамлакатимизга зарар етказишга уринаётган рейтинг агентликларига муносиб жавоб беради. Мамлакатимизни Африка ва Жанубий Американинг ривожланмаган мамлакатлари билан бир қаторга қўйишга уринишлар қабул қилиниши мумкин эмас”. 

Шунингдек, у учинчи чоракда ишсизлик даражаси пасайишини ҳам урғулади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 65
Рейтинг: 3
t
×