Эрдўған Қримни Украинага қайтариш зарурлигини айтди
Олам
−
12 Сентябрь
7965Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Қрим платформаси етакчиларининг 4-саммитидаги видеомурожаатида Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ҳақидаги тезисни қўллаб-қувватлашини ва Қримнинг Украинага қайтарилиши тарафдори эканлигини билдирди. Бу ҳақда TRT Haber телеканали хабар берди.
“Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигини қўллаб-қувватлашимиз ўзгаришсиз қолмоқда. Қримнинг Украинага қайтарилиши халқаро ҳуқуқнинг талабидир. Қримнинг туб халқларидан бири бўлган қрим-татар-турк ватандошларимизнинг хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш ҳам ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан биридир”, дейди Туркия раҳбари.
Эрдўған нутқи сўнггида Украинадаги можаро “Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига асосланган адолатли ва мустаҳкам тинчлик” билан якунланишига умид билдирди.
Маълумот учун, Қрим платформаси – Украинанинг дипломатик ташаббуси бўлиб, келажакда Қрим муаммосини халқаро кун тартибига қайтариш бўйича доимий халқаро маслаҳатлашув ва мувофиқлаштириш механизми саналади ва Украинанинг Қрим устидан назоратини тиклашга ёрдам беради. Қрим платформасининг таъсис саммити 2021 йил 23 августда бўлиб ўтган ва унинг натижасида “Халқаро Қрим платформаси иштирокчиларининг қўшма декларацияси” қабул қилинган. Бу йилги саммитда қатнашиш учун АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми Украинага борди.
Эслатиб ўтамиз, Ражаб Тойиб Эрдўған “Қрим платформаси” ўтган йилги саммитига йўллаган видеомурожаатида ҳам Туркия биринчи кунданоқ Қримнинг ноқонуний аннексия қилинишини тан олмаганини ва Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашда давом этишини айтганди.
LiveБарчаси