Эрдўған қайта сайланса, конституцияни янгилайди 

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ўз маъмуриятининг асосий вазифаларидан бири республиканинг янги конституциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш эканлигини тасдиқлади. Бу ҳақда у кеча, 22 май куни TRT телеканали эфирида маълум қилди.

“Асосий вазифалардан бири янги конституция бўлиб қолмоқда. Биз партияларимиз иттифоқи доирасида бу борадаги ишланмаларни баҳолаймиз, зарур ишларни амалга оширамиз. Томонлар ўртасида мулоқот, консенсус бўлади. Агар улар таклифлар билан чиқса, таҳлил қиламиз”, дейган Туркия Президенти.

Эрдўған Туркия тўнтариш давридаги “меросдан халос бўлиши” зарур деб ҳисоблайди. 1980 йилдаги ҳарбий тўнтаришдан сўнг 1982 йилда янги конституция қабул қилинган, у жиддий ўзгаришларга учраган бўлсада, ҳозир ҳам амалда.

Туркия етакчисининг айтишича, агар у 28 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида ғалаба қозонса, мамлакат бутунлай ўзгаради ва келажакка бошқача назар ташланади.

Маълумот учун, Эрдўған икки марта референдумда конституцияга ўзгартириш киритишга муваффақ бўлган. Энг фундаментал ўзгариш 2017 йилда умумий овоз беришда маъқулланган. Ўшанда парламент бошқаруви тизими президентлик тизимига алмаштирилган ва Бош вазир лавозими бекор қилиниб, Президент ваколатлари кенгайтирилган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 14 май куни Туркияда президентлик ва парламент сайловлари ўтказилди. Биринчи тур якунлари бўйича Эрдўған 49,51%, Қиличдорўғли 44,88% овоз тўплади. Биринчи турда ғалаба қозониш учун номзодга 50 фоиздан ортиқ овоз керак эди, шунинг учун 28 май куни сайловнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия сайлов Эрдўған конституция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг