Эрдўған Исроилдаги можаро томонларини тарангликни камайтиришга чақирди
Олам
−
07 Октябрь 2023
5629Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Исроилдаги можаро томонларини вазминлик кўрсатишга ва минтақадаги кескинликни камайтиришга чақирди. Бу ҳақда у бугун, 7 октябрь куни Анқарада “Адолат ва тараққиёт” партияси қурултойида сўз очди.
“Исроилда содир бўлаётган воқеаларни ҳисобга олиб, биз барча томонларни босиқликка ва кескинликнинг кучайишига олиб келадиган ҳаракатлардан қочишга чақирамиз”, деган Эрдўған.
Шунингдек, Туркия Президенти Анқара Қуддус марказида жойлашган исломнинг асосий зиёратгоҳларидан бири бўлган Ал-Ақсо масжидининг тарихий ва диний мақомини бузишга қаратилган ҳар қандай уринишларга қарши туришини айтди.
“Биз биринчи зиёратгоҳимиз Ал-Ақсонинг тарихий ва диний мақомига путур етказиш бўйича ҳар қандай уринишларга қаршилик кўрсатишда давом этамиз”, дейди Эрдўған.
Унинг қўшимча қилишича, минтақадаги можароларга барҳам бериш Туркия ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
“Бизнинг устувор вазифамиз Марказий Осиёдан Кавказгача, Болқондан Қора денгизгача бўлган минтақада қон тўкилишини тўхтатишдир”, дейди Туркия раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади. Шундан сўнг Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.
LiveБарчаси