Эрдўған Ғазо бўйича бетараф қолган давлатларни ўзига оғдирмоқчи

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған яқин орада БМТ Бош Ассамблеясида Яқин Шарқда ўт очишни тўхтатиш резолюцияси бўйича овоз беришда бетараф қолган 45 давлат раҳбарлари билан телефон орқали мулоқот қилади. Бу ҳақда “Yeni Safak” газетаси хабар берди.

“У бир пайтлар Россия билан можарода Украина тарафини олган, бироқ Ғазодаги инқирозни ҳал қилиш масаласида бетараф бўлган мамлакатлардаги ҳамкасблари билан гаплашмоқчи”, дейилади хабарда.

11 ноябрь куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари саммитидан қайтгач, Эрдўған Президент пулидаги журналистларга Исроил ва Фаластин ўртасидаги зиддиятни ҳал қилиш учун хорижлик мавқедошлари билан телефон орқали музокараларни фаоллаштириш ниятида эканини айтган. Туркия раҳбари БМТда Ғазо резолюцияси 121 давлат вакиллари томонидан қўллаб-қувватлангани Исроил ва уни қўллаб-қувватловчи давлатлар озчиликда қолганини кўрсатганини таъкидлаган.

Қайд этилишича, бўлажак телефон дипломатияси доирасида Эрдўған Африка мамлакатларига эътибор қаратиш ниятида. Бундан ташқари, у Албания, Австралия, Болгария, Финляндия, Эстония ва Украина раҳбарлари билан ҳам мулоқот қилишни режалаштирмоқда. 

“Туркия дон йўлаги яратиш ташаббуси билан кўплаб мамлакатларни озиқ-овқат инқирозидан қутқарди ва Украинани Россия билан урушда қўллаб-қувватлаган давлатлардан Фаластин масаласида жим турмасликни сўрайди”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Туркия 27 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Фаластин-Исроил келишувига оид резолюция қабул қилинишини қўллаб-қувватлаган ва Исроилдан уни амалга оширишини, хусусан, ўт очишни тўхтатиш, гуманитар коридор очиш ва ғазоликларнинг асосий ресурсларга узлуксиз киришини кутишини айтган. 

Эслатиб ўтамиз, Анқара Исроил ва Фаластин ўртасидаги можарони ҳал қилиш масаласида кафил бўлишга тайёрлигини маълум қилган ва халқаро тинчлик конференцияси ўтказишни таклиф қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг