Туркия Яқин Шарқдаги вазият бўйича конференция ўтказмоқчи 

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған республикада Яқин Шарқдаги вазият бўйича тинчликка эришиш учун барча манфаатдор томонлар иштирокида конференция ўтказилишини айтди. Бу ҳақда у Қозоғистондан қайтаётган самолёт бортида туркиялик журналистларга берган интервьюсида айтиб ўтди

"Бизнинг асосий мақсадимиз Исроил-Фаластин муаммосида якуний тинчлик ўрнатишдир. Бунинг учун биз ташаббус кўрсатмоқдамиз, формулалар ишлаб чиқяпмиз ва буни давом эттирамиз. Қон тўкилишини тўхтатиш ва тинчлик ўрнатиш учун қўлимиздан келган барча ишни қилишга бел боғлаганмиз. Бизнинг мақсадимиз ҳам минтақамизга, ҳам мамлакатимизга енгиллик олиб келадиган мустаҳкам ва барқарор тинчликка эришишдир. Биз бунга чақирамиз, хусусан, барча манфаатдор томонларни конференция учун йиғмоқчимиз”, деган Эрдўған.

Президентнинг сўзларига кўра, Туркия Ғазо сектори учун кафил сифатида етакчи ролни ўз зиммасига олиши керак. 

"Бу тарих, бугун ва келажакни шакллантирадиган ривожланиш бўлади. Туркиянинг барча саъй-ҳаракатлари Ғазо сектори ва Фаластинда тинчлик ўрнатишга қаратилган, у ерда одамлар бундан буён ўлиб, уйларини тарк этмаслиги керак. Агар шундай вазият юзага келса, Туркия Ғазо секторига кафиллик миссиясини ўз зиммасига олишга тайёр",  дея қўшимча қилган у.

Туркия ҳукумати ҳам Фаластин-Исроил можаросини, жумладан, кафил давлатлар тизимини яратиш ва Яқин Шарқ бўйича халқаро тинчлик конференциясини чақириш ташаббуси доирасида ҳал этиш бўйича фаол саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганини билдирган.

Қайд этиш жоизки, ўтган ойда Амманда Яқин Шарқдаги урушни тўхтатишга бағишланган Иордания, АҚШ, Фаластин ва Миср раҳбарларининг саммити бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ Ғазо секторидаги Ал-Аҳли шифохонасига ҳужум қилиниши фонида бу саммит бекор қилинди. Саммитга мезбонлик қилиши керак бўлган  Иордания тарафи унинг қолдирилишини саммит урушни тўхтатишга қодир эмаслиги билан изоҳлаган. Кейинчалик Қоҳирада БМТ Бош котиби, Европа Кенгаши раҳбари, Европа Иттифоқи бош дипломати, Миср, Фаластин, Иордания, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Қатар, Қувайт, Италия, Испания, Греция, Ироқ, Жанубий Африка Республикаси, Кипр етакчилари, Германия, Франция, Буюк Британия, Норвегия, Туркия ва Япония Ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Россия ва Хитой вакиллари иштирокида Исроил-Фаластин можаросини ҳал қилишга бағишланган саммит бўлиб ўтди. Лекин бу ҳам натижа бермади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Анқара Исроил билан тинчлик келишувига эришишда Фаластин учун кафил сифатида ҳаракат қилишга тайёр эканини маълум қилганди. 1 ноябрь куни Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Анқарага келганида Эрон Туркиянинг бу ғоясини қўллаб-қувватлашини билдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Яқин Шарқ Фаластин Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг