Эрдўған Эрон муваққат президентини Туркия қўлловига ишонтирди
Олам
−
20 Май 2024 5229 2 дақиқа
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Эрон президенти вазифасини бажарувчи Муҳаммад Мохбер билан телефон орқали мулоқот қилиб, Анқара Теҳронни оғир кунларида қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Бу ҳақда Туркия етакчиси маъмурияти маълум қилди.
“Президент Эрдўған Эрон Президенти Иброҳим Раисий, Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ва уларга ҳамроҳлик қилаётган делегациянинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Туркия ушбу оғир кунларда Эронни қўллаб-қувватлашини, Эрон халқининг қайғусига шерик эканини ва келажакда Эронга нисбатан қўшничилик ва биродарлик тўғрисидаги қонун-қоидаларига амал қилишини таъкидлади", дейилади хабарда.
Маълумот учун, кеча, 19 май куни Эрон Президентини олиб кетаётган вертолёт Эрон шимоли-ғарбий қисмида қийин қўнишни амалга оширди. Эрон делегацияси Озарбайжондан қайтаётган эди, у ерда Раисий Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашган. Умуман олганда, Президент кортежи учта вертолётдан иборат бўлиб, улардан иккитаси хавфсиз қўнган.
Қидирув операцияси 12 соатдан ортиқ давом этди. 20 май куни Эрон Қизил ярим ой жамияти вертолёт қулаган жойни топди. Раисий, мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти губернатори Малик Раҳмати ва бошқа расмийлар вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлган. Ҳаммаси бўлиб, бортда камида саккиз киши, жумладан, икки учувчи ва бир техник ходим бўлган.
Вертолёт қулаган жойда қутқарув ишлари якунланди. Қурбонларнинг жасадлари Шарқий Озарбайжон вилоятининг маркази Табризга етказилади.
Эроннинг амалдаги вице-президенти Муҳаммад Мохбер вақтинчалик Эрон Президенти бўлиши маълум қилинди. Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Багери Кани эса собиқ ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён вафотидан кейин вақтинчалик ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Мамлакат парламенти Ички ишлар қўмитаси раиси Муҳаммад Солиҳ Жокар Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловлари келаси 50 кун ичида бўлиб ўтиши кераклигини айтди. Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Президент Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳлари вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилди. Раисийнинг дафн маросими эртага, 21 май куни Табриз шаҳрида бўлиб ўтиши билдирилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Президенти Владимир Путин ҳам Муҳаммад Мохбер билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳамдардлик билдирганди.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь