Эрдўған Байден билан учрашиб, чала қолган ишни охирига етказмоқчи

Олам 3646
image

Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған жорий йилнинг сентябрь ойида Нью-Йоркда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси доирасида учрашиши мумкин. Бу ҳақда “Sabah” газетаси манбаларга таяниб, хабар берди.

Қайд этилишича, учрашувда давлат раҳбарлари Туркияга Американинг F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш масаласини муҳокама қилади. 

“Туркиянинг АҚШдан F-16 самолётларини сотиб олиши бўйича музокаралар анчадан бери давом этмоқда. Келгуси ой Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган БМТ саммити чоғида Ражаб Тойиб Эрдўған ва Жо Байденнинг кутилаётган эҳтимолий учрашуви чоғида бу масала муҳокама қилинади”, дейилади хабарда.

Нашрга кўра, Туркия Қўшма Штатлардан F-16 қирувчи самолётларини сотиб олиш жараёнини тезлаштирмоқчи. Шу муносабат билан Анқара расмийлари Пентагондан бу масалани АҚШ Конгрессига тақдим этишни талаб қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 июнь куни АҚШ Президенти Жо Байден Мадридда ўтган НАТО саммитидан сўнг Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашди ва суҳбат давомида АҚШ Туркияга F-16 қирувчиларини етказиб бериши ҳамда модернизациясини йўлга қўйишини, бу ҳақидаги ҳужжатни Конгресс тезроқ маъқуллашига таъсир кўрсатишини ваъда қилди.  

30 июнь куни НАТО саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Жо Байден Туркияга F-16 қирувчи самолётларини сотиш бўйича Конгресс розилигини олишга умид қилаётганини айтди.

Аввалроқ Туркия АҚШдан 40 та F-16 Block 70 русумли қирувчи самолёт ва 80 та Block 70 русумли ҳаво кемаларини янгилаш тўпламларини сўраган эди. Анқарада F-16 ни сотиб олиш истаги Россиядан С-400 зенит-ракета мажмуасини сотиб олиш муносабати билан бешинчи авлод F-35 қирувчи самолётларини ишлаб чиқариш бўйича Америка дастуридан чиқарилганидан кейин эълон қилинди.

Маълумот учун, жорий йилнинг 5 август куни Сочида Россия Президенти Владимир Путин ва Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўған юзма-юз учрашган эди. Улар тўрт соатдан кўпроқ суҳбатлашганди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 49
Рейтинг: 3
t
×