Эрдўған 27 йил олдин қуришга ваъда берган масжидини очиб берди (фоторепортаж)

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 28 май куни Истанбулдаги Тақсим майдонида барпо этилган янги масжидни очиб берди.

Унинг таъкидлашича, янги масжид Истанбулда Чамлижа ва Аё София масжидларидан кейин катталиги бўйича учинчи ўринни эгаллади. 

Мажмуанинг очилиш маросимида Эрдўған ушбу масжид “Истанбул забт қилинганининг 568 йиллигига совға” бўлганини таъкидлаган. Туркия Президентининг Истанбулга ташрифи чоғида хавфсизлик чоралари кучайтирилган ва одамлар кўплиги сабабли транспорт ҳаракати қисман тўсилган. 

Очилиш маросимида Туркиянинг вице-президенти Фуат Оқтай, Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ва “Адолат ва тараққиёт” ҳукмрон партияси раиси ўринбосари Бинали Йилдирим ҳам иштирок этган. 

Тақсим масжиди қурилиши 2017 йилда бошланган, аммо Эрдўған уни қуришга 1990-йилларнинг бошларида, у Истанбул мэри лавозимига номзод бўлганида ваъда берган. 
 

Объект шаҳарнинг марказий майдонларидан бирида, Туркиянинг биринчи Президенти Мустафо Камол Отатурк ҳайкали ёнида жойлашган. Масжид ички ҳовлиси билан биргаликда 4 минггача кишини қабул қила олади. 

Ушбу ташаббусни танқид қилувчилар ҳам топилган. Уларнинг фикрича, масжиднинг қурилиши замонавий Туркия давлатининг асосчиси Отатуркнинг тамойилларига зид. Шунингдек, улар Туркия ўз ҳудудида мусулмон динининг ҳукмронлигига қарамай, дунёвий давлат бўлиб қолиши кераклигини таъкидлаган. 

Қайд этилишича, Эрдўғаннинг танқидчиларига Тақсим майдонида Отатурк номидаги маданият марказининг биноси бузиб ташлангани ҳам ёқмаган. 

Ушбу масжиднинг қурилиши Эрдўғаннинг дин билан боғлиқ кенг резонанс яратишга қаратилган биринчи қарори эмас. У 2020 йил 10 июлда Истанбулдаги Аё София музейига масжид мақомини бериш тўғрисидаги фармонни имзолаган. 

Бу Отатурк Аё Софияга музей мақомини беришни буюрганидан 86 йил ўтиб содир бўлган. Туркия раҳбариятининг янги қарори черков раҳбарлари ва юқори мартабали хорижий дипломатларнинг танқидига сабаб бўлган. 

1997 йилда Туркия ҳарбий қўмондонлиги ўша пайтда Эрдўған таркибига кирган ҳукуматни истеъфога чиқишга мажбур қилган. Бунинг сабабларидан бири ҳарбийларнинг Тақсим майдонида масжид қуриш режаларидан норозилиги бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрдўған Тақсим

Баҳолаганлар

201

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг