Энг ёмони – “галстук таққан террорчилар” билан курашиш – Эрдўған
Олам
−
03 Октябрь 2023
7364Туркия ўз дўстларидан нафақат қоралашни, балки терроризмга қарши курашда "аниқ қадамлар"ни ҳам кутмоқда. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Давлат кенгаши ўқув марказининг очилиш маросимида айтиб ўтди.
Туркия раҳбари террор ташкилотларнинг етакчиларига қарши далиллар мавжуд бўлишига қарамай, ҳеч қандай қадам ташламаётган давлатларнинг позициясини танқид қилди.
“Биз минглаб ўғилларимизни террорга қурбон қилган халқ сифатида қотилларга нисбатан бағрикенгликни тушуна олмаймиз”, дейди Эрдўған.
Президент энг қийини "галстук таққан террорчилар"га қарши курашиш эканлигини айтди.
Унинг фикрича, терроризмга қарши курашда муваффақиятга эришиш учун ҳамдардлик телеграммалари етарли эмас.
“Таъзия телеграммалари муҳим эканига шубҳа йўқ. Аммо, бу мамлакатимиз терроризмга қарши курашда муваффақиятга эришиш учун етарли эмас”, дея аниқлик киритди у.
1 октябрь куни Анқарада содир бўлган терактга тўхталиб ўтган Эрдўған, полициянинг самарали аралашуви туфайли террорчилар йўқ қилинганини айтди.
“Биз ҳар жиҳатдан шафқатсиз ва тажовузкор террор ташкилоти билан курашяпмиз. Агар террорчилар зарарсизлантирилмаганида, улар хорижга қочиб, сиёсий қочқинга айланган бўлар эди. Биз қоралашлар билан бирга дўстларимиздан аниқ қадамлар кутамиз”, дейди Туркия раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, 1 октябрь куни тонгда Анқарадаги Туркия Ички ишлар вазирлигининг Хавфсизлик бош бошқармасида теракт содир этишга уриниш бўлди. Икки эркак машинада бино олдига борган. Улардан бири ўзини портлатиб юборган, иккинчи террорчи отиб ўлдирилганди.
Шундан сўнг, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакатнинг тинчлик ва хавфсизлигини бузишга уринаётган террористлар ҳеч қачон мақсадларига эриша олмаслигини айтиб чиқди. Курдистон ишчилар партияси террорчи ташкилоти мазкур теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.