Энг кўп мусулмон аҳолига эга давлатда сайловлар вақтида 272 киши ҳалок бўлди
Олам
−
29 Апрель 2019
6241Индонезияда сайловларни ташкиллаштириш ва ўтказишга жалб қилингн 272 нафар ходим ҳалок бўлди, 1878 нафари тартибга солинмаган иш сабаб мадорсизлик ва қаттиқ чарчоқдан бетоб бўлиб қолди. Бу ҳақда Индонезия Марказий сайлов комиссияси вакили Ариф Прийо Сусанто маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Молия вазирлиги вафот этганларнинг оилаларига компенсация тўлаш устида иш олиб боряпти.
Индонезияда жорий йилнинг 17 апрель куни мамлакат президентлиги, икки палатали Халқ маслаҳатлашув конгресси ва минтақавий ҳамда маҳаллий қонунчилик органлари депутатлиги учун сайловлар ўтказилди.
Сайловларда 245 минг нафар номзод 20 минг депутатлик ўрни учун кураш олиб борди. Сайлов қамровининг кенглиги боис миллионлаб бюллетенларни қўлда санашга тўғри келган.
810 минг участкада сайловни ортиқча муаммосиз ўтказиш учун 6 млн ходим жалб қилинган. Мутахассислар Индонезиядаги сайловни “дунёдаги энг мураккаб сайловлар”, деб атаган.
Дунёдаги энг кўп мусулмон аҳолига эга (263 млн киши) мамлакатда сайловнинг якуний натижалари май ойидагина аниқ бўлади. Тахминларга кўра, 57 ёшли амалдаги Президент Жоко Видодо 54 ёки 55 фоиз овоз тўплаб, асосий рақобатчиси миллатчи-генерал Прабово Субиантони катта фарқ билан ортда қолдирган. Субиантони 44 фоизга яқин сайловчи қўллаб-қувватлагани тахмин қилиняпти.
LiveБарчаси