Энг катта мусулмон давлати аҳолисини Ҳаж зиёратига юбормасликка қарор қилди
Олам
−
16 Июнь 2020
15302Бутун дунёга ёйилган коронавирус пандемияси кўплаб оммавий тадбирларни тўхтатиб қўйиш билан биргаликда кенг кўламли диний зиёратларга ҳам таъсир кўрсатди. Хусусан, Саудия Арабистони мамлакатда коронавирус инфекцияси авж олмаслиги учун Ҳаж ва Умра зиёратларини тўхтатиб қўйди.
Кейинроқ Саудия Арабистони ҳар бир давлатга Ҳаж учун берилган квотанинг фақат 20 фоизи миқдоридаги зиёратчилар қиролликка зиёрат учун ташриф буюриши мумкинлигини маълум қилди.
Шунга қарамай, кўплаб давлатлар фуқаролари саломатлигини хавф остига қўймаслик учун Ҳаж зиёратларини бекор қилди. Хусусан, аҳоли сони бўйича энг катта мусулмон давлат ҳисобланган Индонезия ҳам фуқароларини Ҳаж зиёратига юбормаслигини маълум қилди. Ҳукуматиннг бу қарорини Индонезия Дин ишлари бўйича вазири Фахруль Рози эълон қилди.
“Ҳукумат Ҳаж-2020 сафарини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу қарорга келиш осон бўлмади, бироқ биз ҳаж даврида зиёратчиларимиз ва уларга хизмат кўрсатувчи ходимларимиз хавфсизлиги учун масъулмиз”, деди Фахруль Рози.
У Ҳукумат дастлаб, зиёратчиларнинг ярмини Ҳажга юборишни режалаштирганини, кейинчалик эса умуман ҳеч кимни Саудия Арабистонига юбормасликка қарор қилинганини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони ҳукумати короновирус пандемияси туфайли жорий йилнинг февраль ойи охирларида Умра зиёратчиларини қабул қилишни тўхтатиб қўйди. Ўзбекистон апрель ойида Ҳаж зиёратига тайёргарликни тўхтатганди.
Маълумот учун, Индонезия аҳоли сони бўйича энг катта мусулмон давлати бўлиб, унга бериладиган ҳаж квотаси 221 минг нафар ҳожини ташкил қилади. Уларнинг 90 фоизи учун меҳмонҳоналарда жойлар банд қилинган эди.