Энергетика вазирлиги электрда узилишлар бўлишидан огоҳлантирди
Жамият
−
26 Январь 2022
21503Электр таъминотида юзага келган носозликлар сабабли Ўзбекистондаги мавжуд газ қазиб олиш конлари ва уни қайта ишлаш заводларида технологик жараёнларнинг бузилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ўз навбатида газ ишлаб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келмоқда, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги.
Қайд этилишича, умумтизимда кузатилган йирик носозликлар босқичма-босқич бартараф этилиб, Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига қувват узатиш бошланди. Бироқ узилиш газ ишлаб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келган.
“Шу сабабли иссиқлик электр станцияларида газ босимининг камайиши кузатилмоқда ва бу электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ҳозирги вақтда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан келиб чиқиб республикамизнинг айрим ҳудудларида навбатма-навбат электр энергияси етказиб берилмоқда”, дейилади вазирлик ахборотида.
Таъкидланишича, энерготизимда кузатилган носозликлар сабабли юзага келган муаммоларни бартараф этиш учун барча чоралар кўрилмоқда.
“Ҳурматли Ватандошлар! Энергетиклар томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ва ҳозирги шароитдан келиб чиқиб сиздан энергия қурилмаларидан оқилона фойдаланишингизни ва хонадонингизда ортиқча электр жиҳозларини тармоққа уламасликни сўраймиз.
Бу саъй-ҳаракатлар кўпроқ истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлашга ёрдам беради.
Вазиятни тўғри баҳолаб бизни қўллаб-қувватлаганингиз учун раҳмат!”, дейилади расмий хабарда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Тошкентда аҳолига етказиб бериладиган газ босими сезиларли пасайган. Баъзи туманларда газ бутунлай ўчиб қолган.
Аввалроқ “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфида Газли, Шўртан ва Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларидаги 64 та кон вақтинча фаолиятини тўхтатгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь