Энергетика вазирлиги аҳолига мурожаат билан чиқди

Жамият

image

Ўзбекистонда кўрилган чораларга қарамай электр энергияси истеъмоли энг баланд кўрсаткичга, яъни 250 млн кВт соатга чиққан. Шунингдек, табиий газга бўлган кунлик талаб қазиб чиқаришга нисбатан юқорилигича сақланиб қолмоқда. Ушбу кўрсаткич 2022 йил 31 декабрь куни чеклов киритилмаган ва кунлик электр энергияси истеъмоли 220 млн кВт соатни ташкил этган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги баёнотида сўз айтилади. 

Қайд этилишича, биргина Тошкент шаҳрида 13 январь куни электр энергияси истеъмоли 32 млн кВт соатдан ортиб, турли сабабларга (авариявий ҳолатлар ва чекловлар) кўра 1 млн кВт соат электр энергияси истеъмолчиларга етказиб берилмаган. 

“Табиий газни аҳолига йўналтириш учун иссиқлик электр станцияларида табиий газ ёқиш ҳажми камайтирилиб, захирадаги мазут ёқилғиси режага нисбатан 3 баробарга кўп ёқилмоқда. 

Ўтган куз-қиш мавсумига нисбатан жорий куз-қиш мавсумида Чорвоқ сув омборида сув сатҳининг юқорилиги сабабли гидроелектр станциялар томонидан режага нисбатан 170 фоиз электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда”, дейилади вазирликнинг расмий ахборотида. 

Маълумотларга кўра, табиий газ танқислиги кузатилаётган шу кунларда истеъмолчилар хонадонларни иситиш учун электр қурилмаларидан кенг фойдаланаётгани натижасида, биргина Тошкент шаҳрида бугун, кун давомида тармоқларда юкламаларнинг ортиши ҳисобига 1000 дан ортиқ носозликлар юзага келган. 

Носозликларни бартараф этиш ишларни жадаллаштириш мақсадида республика бўйлаб барча ҳудудий электр тармоқлари корхоналаридан қўшимча бригадалар Тошкентга жалб қилинган. 

Энергетика вазирлиги ушбу ҳолатда аҳолидан электр энергиясини тежаб ишлатишни сўраган. 

“Ҳурматли ватандошлар, албатта, биз ушбу вазиятни ўнглаш, носозликларни бартараф этиш учун барча зарурий чораларни кўрмоқдамиз. Мана шундай оғир пайтда барчамиз бирлашиб ҳаракат қилсак, бу муаммоларни енгамиз. Бунда энергия ресурсларидан оқилона ва имкон қадар тежамкорлик билан фойдаланиш энг муҳим омил ҳисобланади. Бунинг учун имкон қадар: 

•    хонадонларда биттадан ортиқ электрда ишлайдиган иситиш қурилмаларидан фойдаланмаслик; 

•    корхоналар ва ташкилотлар ходимларини вақтинча онлайн иш режимига ўтказиш;

•    ортиқча кўча чироқларини, реклама экранлари ва иллюминациялар, шу жумладан қурилиши тугалланмаган бинолардаги чироқларни ўчириш;

•    энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланаётган истеъмолчиларга чора кўриш лозим. 

Бунинг натижасида мазкур тежалган энергия ресурсларини аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтиришга эришилади”, дейди вазирлик.


Мақола муаллифи

Теглар

Энергетика вазирлиги аномал совуқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made