Энергетика вазирига ўринбосарлар тайинланди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида бир қанча тайинловлар амалга оширилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига кўра, Азим Исроилович Аҳмадхўжаев Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари — Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги директори этиб тайинланди. Шу муносабат билан Аҳмадхўжаев Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди.

У 1979 йил 12 июлда Тошкент шаҳрида туғилган. 2000 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2002 йилда эса шу университетнинг магистратура босқичини (Халқаро иқтисодий муносабатлар ва халқаро валюта-кредит муносабатлари соҳасида) тамомлаган. 2003 йилда Австралиянинг Wоллонгонг университети магистратура курсида таҳсил олган.

Аҳмадхўжаев меҳнат фаолиятини 2003 йилда “Ўзмарказимпекс” давлат акциядорлик ташқи савдо компаниясида мутахассис сифатида бошлаган. 
2014 йилдан 2016 йилгача Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар Миллий банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, 2016-2017 йилларда “Асака” акциядорлик-тижорат банки бошқаруви раиси, 2017-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар давлат қўмитаси раиси, 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимида фаолият олиб борган. Кейинчалик 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори ўринбосари, 2019-2021 йилларда Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари вазифасида ишлаган.

Аҳмадхўжаев 2021 йилдан ҳозиргача Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига эса Бахтиёр Рустамович Маматкаримов тайинланди.

У 1980 йилда Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида туғилган. 2000 йилда Тошкент молия институти, 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини, 2021 йили эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2001 йилда “Асакабанк” давлат акциядорлик тижорат банки Андижон вилояти филиали валюта шуъбаси пул алмаштириш шохобчаси кассири, кассир-назоратчиси, валюта бўлими мутахассиси лавозимидан бошлаган.

2003-2007 йилларда “Асакабанк” давлат акциядорлик тижорат банки Андижон вилояти филиалида турли лавозимларда фаолият олиб борган. 2007-2009 йиллар Марказий банк Андижон вилояти бош бошқармасида, 2009-2016 йиллар “Трастбанк” хусусий очиқ акциядорлик биржа банкида ишлаган.
2016-2019 йилларда “Нефтгазинвест” масъулияти чекланган жамиятида гуруҳ раҳбари ва 2019-2020 йиллар “ЎзЛИТИнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси иқтисод ва молия бўйича ўринбосари сифатида фаолият олиб борган.

2020 йилдан 2022 йилгача “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг молия ва маркетинг бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган. 2022 йилда эса Андижон тумани ҳокими бўлган.

Шунингдек, Азизхўжа Очилович Қобилов Энергетика вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланган.

Бундан ташқари, Президентининг тегишли қарорига кўра, Баҳром Маматмуродович Мансуров бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги директори лавозимидан озод этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Энергетика вазирлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made