“Снос”ларга бош-қош бўлганларни озодликдан маҳрум қилиш таклиф қилинмоқда

Жамият

image

Ер участкаларини олиб қўйиш тартибини бузиш йўли билан кўп миқдорда зарар етказган ҳолда озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига келиб тушган Қонун лойиҳасида кўзда тутилган.

Кеча, 23 декабрь куни Қонунчилик палатасига Ҳукумат томонидан мулк ҳуқуқини кафолатлашга қаратилган қонун лойиҳаси киритилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексини янги модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

Яъни, таклиф этилаётган янги 173-1-моддага кўра, ер участкаларини олиб қўйиш тартибини бузиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан икки юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёҳуд икки йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари билан жазолаш кўзда тутилмоқда.

Ер участкаларини олиб қўйиш тартибини бузиш олиб қўйилаётган ер участкасидаги бино, бошқа иморат, иншоот ёки дов-дарахтларни ёхуд уларнинг қисмларини, зарарнинг ўрни мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда бузиб ташлашга сабаб бўлса, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки анча миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик (55 млн 750 минг) бараваридан уч юз (66 млн 900 минг сўм)бараваригача  миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаш таклиф этилмоқда.

Ҳудди шундай ҳаракатлар кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, шунингдек кўпчилик учун хавфли бўлган усулда ёки жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш ҳам кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳам 61-33-модда билан тўлдирилмоқда. Унда ер участкаларини олиб қўйиш тартибини бузганлик учун жазо қўллаш кўзда тутилмоқда.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши мулкдорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган бино ва иншоотлар жойлашган ер участкаларининг ноқонуний олиб қўйилишига чек қўйиш, шунингдек етказилган зарарларни қоплашда йўл қўйилаётган камчиликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Жиноят кодекси снос

Баҳолаганлар

48

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг