Эндиликда паспортнинг электрон шакли ҳам расман тан олинади
Жамият
−
08 Январь
6035Жорий йилнинг 1 июль санасидан бошлаб шахсни тасдиқловчи ва бошқа ҳужжатларнинг электрон шакли расман тан олинади. Уларнинг қоғоз нусхалари банкларда, нотариал идораларда, аэропорт, вокзал каби тегишли ҳужжатларни сўрайдиган ташкилотларда талаб этилмайди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрь куни қабул қилинган “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда “ижтимоий карта” тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Унга кўра, “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси доирасида шахсий ҳужжатларнинг унификацияланган рақамли сервислари жорий этилади. Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг аниқлик киритишича, эндиликда my.gov.uz'даги шахсни тасдиқловчи, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатларнинг рақамли (электрон) шакллари расман тан олинади. Бунда my.gov.uz платформаси ҳамда “Ижтимоий карта” мобил иловасида ушбу рақамли сервислардан фойдаланиш имконияти яратилади ва улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий тартибда қабул қилинади.
Қуйидаги ҳужжатлар рўйхатга киритилган:
- Ўзбекистон фуқаросининг биометрик паспорти;
- Ўзбекистон фуқаросининг идентификацияловчи ID-картаси;
- Ҳайдовчилик гувоҳномаси;
- Туғилганлик ҳақида гувоҳнома;
- Никоҳ қайд этилганлиги ҳақида гувоҳнома;
- Никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳнома;
- Транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома (техник паспорт, техник талон);
- Пенсия (нафақа) гувоҳномаси;
- Фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш гувоҳномаси (ID-картаси);
- Ногиронлик тўғрисида маълумотнома;
- Транспорт воситасининг мажбурий суғурта (фуқаролик жавобгарлиги) бўйича суғурта полиси;
- Олий, ўрта махсус, касб-ҳунар ва профессионал таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги расмий ҳужжат;
- Талабалик гувоҳномаси;
- Якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома;
- Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида маълумотнома;
- Турар жой объектларининг кадастр паспорти;
- Жисмоний шахснинг шахсий автомототранспорт воситасини бошқа шахсларга бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома.
Мазкур ҳужжатларнинг қоғоз нусхалари банкларда, нотариал идораларда, аэропортларда ички рейсларни рўйхатдан ўтказишда ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи поездларга чиқишда, давлат, корпоратив ва бошқа хизматларни кўрсатиш, шу жумладан, электрон хизмат кўрсатиш ҳамда фуқароларни қабул қилишда тегишли ҳужжатларни тақдим этишни талаб қиладиган давлат органлари ва бошқа ташкилотларда талаб этилмайди, яъни порталдаги электрон шакллари ҳам тан олинади.
LiveБарчаси