Энди Ўзбекистонга телефон олиб кириш қимматга тушадими?
Жамият
−
18 Январь
6843Ўзбекистонга жисмоний шахслар томонидан мобил телефонлар олиб кирилганда уларнинг қиймати белгиланган нормалардан ортиқча бўлса ёки йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган бўлса, ундан фойдаланиш учун барибир телефон қийматининг ўттиз фоизи миқдорида божхона тўловларини тўлаш керак бўлади. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев маълум қилди.
"Агар Ўзбекистонга самолётда кириб келаётган бўлсангиз, икки донагача телефон олиб киришингиз мумкин. Агар поезд, автотранспортда ёки пиёда равишда кириб келаётган бўлсангиз, ҳар олти ойда бир маротаба бир донагача телефонни божхона тўловисиз олиб киришингиз мумкин", дейди Ҳусан Тангриев.
Хусусан, жисмоний шахслар томонидан олиб кирилаётган телефонлар божхонадан бемалол ўтишининг чекланган нормаларидан ошмаслиги керак. Яъни, самолётда келганлар 2 минг долларгача, поезд ёки автотранспортда келганлар минг долларгача, пиёда равишда кириб келаётганлар 300 долларгача бўлган товарларни божхона тўловисиз олиб киришга рухсат бор.
"Ўзингиз билан олиб келаётган телефонларни албатта йўловчи божхона декларациясида кўрсатинг. Ушбу декларациялар ўзингиз билан олиб келаётган телефонларни мажбурий тарзда UzIMEI тизимидан рўйхатдан ўтказишда сизга ёрдам беради. Агар олиб кираётган телефонлар белгиланган нормалардан ортиқча бўлса, уни бекитишга уринманг ёки йўловчи божхона декларациясида кўрсатишдан қўрқманг. Чунки, эндиликда белгиланган меъёрлардан ортиқча олиб кирилган телефонларнинг божхона тўловлари ҳам, рўйхатдан ўтказиб тўловлари ҳам UzIMEI тизими орқали амалга оширилади. Божхона қўмитасининг маълумотлар базаси мазкур тизимга интеграция қилинди", дейди Божхона қўмитаси вакили.
Агар UzIMEI тизимида Ўзбекистонга олиб кирилган телефоннинг божхона расмийлаштирувдан ўтганлигини тасдиқловчи маълумотлар мавжуд бўлмаса, у ҳолда телефон қийматининг ўттиз фоизи миқдорида божхона тўловларини тўлашга тўғри келади. Шундан сўнггина қурилма тизимидан ўтказилади, унгача телефондан фойдаланиб бўлмайди.
"Агар телефонларни турли савдо расталаридан ёки онлайн дўконлардан харид қилаётган бўлсангиз, у ҳолда уларнинг UzIMEI тизимидан рўйхатдан ўтганлигини албатта текширинг. Агар телефон тизимдан рўйхатдан ўтмаган бўлса, у ҳолда божхона тўловларни ўзингиз тўлашингизга тўғри келади", дейди Тангриев.
LiveБарчаси