Энди Ўзбекистонда ID-карталар электрон рақамли имзо билан берилади

Жамият

image

1 февралдан бошлаб илк бор ID-карта берилаётганда, унга электрон рақамли имзо сертификати бепул тақдим этилади. Бу ҳақда кеча, 19 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги фаолиятини рақамлаштириш орқали сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда сўз боради. 

Унга кўра, 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари илк бор ID-карта (миллий паспорт) олиш учун ариза топширганда, электрон рақамли имзо сертификати карта чипига бепул киритилади. Бундан ташқари, фуқаролар автоматик равишда “Электрон ҳукумат” тизимидан фойдаланувчи сифатида бепул рўйхатдан ўтказилади. 

Шу билан бирга, 2026 йил 1 майдан бошлаб тажриба тариқасида Тошкент, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида биттадан туман (шаҳар)да сунъий интеллект асосида ишловчи, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имкониятига эга “Ақлли” миграция шохобчалари (Smart migration stations) ташкил этилади. Уларда бир қатор давлат хизматлари автоматлаштирилган тарзда кўрсатилади, кейинчалик хизмат турлари кенгайтириб борилади.

Шунингдек, 1 майдан электрон виза асосида кириб келган чет эл фуқаролари визасини 30 кунгача узайтириш ваколати миграция бўлинмаларига берилади.

2026 йил давомида “Passport-visa” мобил иловаси, “E-Rozilik” платформаси ишга туширилади, “Ягона рақамли миграция” платформаси яратилади.

Электрон рақамли имзо нима ўзи?

Оддий қилиб айтганда, бу – интернет орқали ҳужжатларга имзо чекишнинг электрон тури. Олдин бирор ариза, ҳужжатни давлат идорасига олиб бориб, қоғозга имзо қўйиш керак бўларди. Энди эса шу имзо электрон кўринишда бўлади ва кўп ишларни уйдан чиқмасдан телефон ёки компьютер орқали амалга ошириш мумкин бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ID-карта

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг