Ҳақиқатда ухлаб ўтирган сенаторлар ҳам бўлди – Норбоева тан олди (видео)
Жамият
−
22 Август 2019
10325Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати йиғилишларини онлайн тарзда халққа намойиш қилиш режалаштириляпти. Бу ҳақда Сенат раиси Танзила Норбоева ОАВ вакиллари билан учрашувда айтиб ўтди, деб хабар берди QALAMPIR.UZ мухбири.
“Халқ кўп нарсани билмагани учун ҳам сенаторлар ухлаб ўтирибди, деган фикр бўлиши мумкин. Ҳақиқатда ухлаб ўтирган сенаторлар ҳам бўлди. Буни ҳаммамиз кўрдик. Сенатда кўриб чиқилган масалаларни батафсил трансляция қилиш масаласи режамизда бор. Мен эртага бўладиган йиғилишимизни халққа кўрсатишни айтгандим”, деди Танзила Норбоева.
Сенат раҳбарининг сўзларига кўра, сенаторлар давлат идораларига саволлар билан мурожаат қилиш ниятида. Хусусан, давлат дастури ижроси бўйича саволлар йиғилиб қолган.
“Бугун Сенат қўмиталарининг мажлислари бўляпти. Сенаторлар давлат идораларига аччиқ-аччиқ саволлар бермоқчи. Бу йилги Давлат дастурини бажаришда қатор муаммолар бор. Бош вазир ўринбосарлари ва вазирларга саволлар беришмоқчи. Албатта, шу саволлар қарорларга киради ва муддат берилиб, бу назоратга олинади”, деди Танзила Норбоева.
Маълумот ўрнида, эртага, 23 август куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 20-ялпи мажлиси бўлиб ўтган эди. Мазкур йиғилишда QALAMPIR.UZ камера объективларига айрим сенаторларнинг мажлис вақтида ухлаб ўтиргани муҳрланган. Мазкур суратлар тақдим этилгандан кейин эса, Ўзбекистон парламентида сенаторларнинг муҳим қонунларни чиқаришда ухлаб ўтириши кулгуга олинди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь