Энди қамалганларни бир колониядан бошқасига ўтказишни суд ҳал қилади
Жамият
−
24 Март 2023
4981Энди Ўзбекистонда маҳкумларни бир колониядан бошқасига ўтказиш масаласи Жазони ижро этиш муассасалари эмас, балки суд томонидан ҳал этилади. Бу ҳақда кеча, 23 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган “Жиноят ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунда келтирилган.
Қайд этилишича, Жиноят кодексига жазони ўташ муддатидан аввал шартли равишда озод қилиш маҳкум оғир жиноят учун жазо муддатининг камида учдан икки қисмини (илгари ярмини эди), ўта оғир жиноят учун эса тўртдан уч қисмини (илгари учдан икки қисми эди) ўтаганидан кейин қўлланилишига оид ўзгартиш киритилди.
Мазкур жиноятлар учун жазони енгилроғи билан алмаштириш эса оғир жиноят учун жазонинг ярмини (илгари учдан бир қисмини эди) ҳамда ўта оғир жиноят учун жазонинг учдан икки қисмини (илгари ярмини эди) ўтаганидан кейин қўлланилади.
Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларни кино, фото, видеотасвирга туширишга ва улардан интервью олишга уларнинг ёзма розилиги билан бирга жазони ижро этувчи органнинг рухсати ҳам олинишига оид талаб қўйилди.
Маҳкумларга навбатдаги учрашувдан маҳрум қилиш тарзидаги интизомий жазо чораси киритилди.
Сақлаш режимини ашаддий бузувчи деб топилган маҳкумларга нисбатан судга қуйидагилар тўғрисида тақдимнома киритилади:
- манзил-колониядан умумий тартибли колонияга, умумий, қаттиқ ёки махсус тартибли колониялардан – турмага ўтказиш тўғрисида;
- манзил-колониядан умумий ёки қаттиқ тартибли колонияга, қаттиқ тартибли колониядан – махсус тартибли колонияга, колониядан – турмага қайтариш ҳақида.
Маълумот учун, аввал мазкур тартиблар интизомий жазо сифатида Жазони ижро этиш муассасалари томонидан қўлланилган. Эндиликда эса ушбу масалалар суд орқали амалга оширилади.