Энди айрим мансабдорлар Сенат томонидан сайланади
Жамият
−
08 Ноябрь 2023
7409Ўзбекистонда айрим мансабдорларнинг Президент тақдимига биноан Сенат томонидан сайлаш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг кеча, 7 ноябрь куни қабул қилинган “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармонида келтирилган.
Фармон билан Президентнинг 14 та ҳужжатларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган, хусусан:
• Судьялар олий кенгаши раиси ва аъзоларини, Коррупсияга қарши курашиш агентлиги директорини ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раисини Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан сайлаш тартиби кўзда тутилди;
• янги таҳрирдаги Конституциянинг давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар қонун билан белгиланиши талабидан келиб чиқиб, қонуности ҳужжатлардан бундай чекловлар чиқарилди;
• меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилашда инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олиниши белгилаб қўйилди.
Шунингдек, фармонда қонунчиликни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштириш бўйича ишларни давом эттириш мақсадида масъул вазирлик ва идораларга бир қатор топшириқлар берилган.
Бунда, қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади:
• мулк ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини таъминлаш, шу жумладан, мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги конституциявий нормадан келиб чиқиб, ушбу масалаларни фақат қонунлар билан белгилаш;
• инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ чекланиши мумкинлиги тўғрисидаги конституциявий талаб асосида барча қонуности ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш;
• давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги тўғрисидаги конституциявий нормадан келиб чиқиб, қонуности ҳужжатларидаги ҳуқуқий таъсир чораларини қайта кўриб чиқиш;
• уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқини таъминлаш, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслигига оид конституциявий нормалардан келиб чиқиб, қонуности ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш;
• Ўзбекистон ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши тўғрисидаги конституциявий нормага мувофиқ қонуности ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш.