Энди “Арқадағ“ Алиевга от совға қилди (видео)
Олам
−
22 Август 6611 1 дақиқа
Бугун, 22 август куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманбоши шаҳрида отларни ва от спорти жамоасининг чиқишларини томоша қилишга борди. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Давлат етакчиларига “Ахалтекин” отлари ва миллий “Галкиниш” от спорти жамоасининг чиқишлари намойиш этилди. Унда Бердимуҳамедов Президент Алиевга Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва туркман халқи номидан “Таус” лақабли отни совға қилди.
Жорий йилнинг июль ойида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев мамлакатга борган Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга совға сифатида “Дўстлик” номли Қорабоғ отини топширганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистонга етиб борганди. Туркманбоши шаҳри аэропортида давлат раҳбарини Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Нокергули Атагулиев ва бошқа расмий шахслар кутиб олганди. Шундан сўнг, Туркманистоннинг “Аваза” миллий туризм зонасининг Конгресс марказида Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг юзма-юз ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтганди.