Энди амалдорлар ҳам жамоат транспортида юради
Жамият
−
23 Февраль
12417Эндиликда Тошкент шаҳрида ҳар ойда бир марта “Автомобилсиз кун” ташаббуси ўтказилади ва шу куни давлат идораларининг раҳбарлари жамоат транспортида ишга боради. Бу тартиб Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони билан белгилаб қўйилди.
Шавкат Мирзиёев томонидан кенг жамоатчилик вакиллари ва экофаолларнинг атмосферага автомобиллар чиқинди газларининг зарарли таъсирини камайтириш учун Тошкент шаҳрида ҳар ойнинг бир иш куни давомида автомобиллар ҳаракатланишини қисқартиришга қаратилган лойиҳаси маъқулланган. Шу сабабдан, эндиликда биноси Тошкент шаҳрида жойлашган барча республика ва ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбар ва бошқа ходимлари ўрнак бўлиш учун иш жойига жамоат транспортида келади.
Шунингдек, “Автомобилсиз кун”да ўрнатиладиган чекловлар жамоат транспортлари, махсус ва шошилинч ёрдам хизматларига тегишли бўлмайди.
Ушбу банднинг ижросини таъминлаш учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов масъул этиб белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу фармон билан 1 мартдан чанг бўрони содир бўлаётганда ва атмосфера ҳавосида майда дисперс заррачалари белгиланган меъёрдан юқори бўлгани аниқланганда аҳолини огоҳлантириш амалиётини бошлаш ҳам белгилангани хабар қилинганди.
LiveБарчаси