Энди ҳар бир фуқаро маҳаллий бюджетнинг тийин-тийинини назорат қилиши ва таклиф бериши мумкин
Жамият
−
10 Июль 2021
5566Хабарингиз бор, 2019 йилдан фаолият бошлаган "Очиқ бюджет" портали орқали фуқаролар давлат бюджети даромадлари ва харажатлари, шунингдек, давлат ташкилотлари ҳамда ҳокимликларнинг қанча пулни қаерга сарфлагани ва бюджетга оид яна кўплаб маълумотларни кузатиб бориши мумкин эди.
Жорий йилнинг 1 июль кунидан бошлаб ушбу портал янги талқинда фаолият бошлади. Шу ўринда савол туғилади, аввалгисидан нима фарқи бор?
Кеча, 9 июль куни Молия вазирлигида "Очиқ бюджет" порталининг янги версияси тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда таъкидланишича, энди фуқароларнинг ўзи маҳаллий бюджетнинг қаерга сарфлашни ҳал қилиши ва бу бўйича таклифлар бериши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, фуқаролар “Очиқ бюджет” порталига ўз маҳалласи ёки туманидаги муаммони ёзиб жойлаштиради ва энг кўп овоз тўплаган масалаларга маҳаллий бюджет маблағларининг муайян қисми ажратилади.
"Очиқ бюджет" портали орқали энди барча фуқаролар нафақат бюджет маблағлари тўғрисида, балки солиқ ва бошқа тўловлар нима мақсадда сарфланаётгани, жамғармаларнинг пуллари қаерга йўналтирилгани ҳамда ҳар қандай давлат ташкилотларининг бюджет маблағлари ҳақида батафсил маълумот олишлари мумкин. Шунингдек, ўзини қийнаётган муаммоларни амалга ошириш учун лойиҳалар таклифи билан чиқиши ва шу каби лойиҳаларни ёқлаб овоз бериш имкониятига ҳам эга", дейди Молия вазири Тимур Ишметов.
Қайд этилишича, фуқаролар томонидан берилган лойиҳалар қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 минг бараваридан, яъни 980 млн сўмдан ошиб кетмаслиги лозим. Ҳозирда фуқаролар ташаббуслари учун туман (шаҳар)лар бюджетларига давлат бюджетидан жами 157 млрд сўм ажратилган.
"Бу йил бюджет маблағларини ишлатишда фуқаролар фаоллигини ошириш мақсадида тўғридан тўғри уларнинг муаммоларини ҳал қилишга ёрдам берадиган иккита ўзгариш бўлди.
Биринчидан, маҳаллий бюджетларнинг 10 фоиз эмас, бундан буёғига 30 фоизи фуқаролар илгари сурган ташаббусларга ишлатиш, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга сарфланади.
Барчамизга маълум, айрим туманларда қўшимча даромад жудаям кам бўлади. Яъни бунга боғлиқ бўлиб қолмаслик учун маҳаллий бюджет харажатларининг 5 фоиз қисмини фақатгина аҳоли билдирган муаммоларни ҳал қилишга ишлатиш бўйича лойиҳани бошлаш топшириғи берилган. Бу йўналишда ҳар бир вилоятда биттадан туман пилот сифатида танлаб олинган. Қўшимча даромад бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, ажратилган 5 фоизни аҳоли кўтарган масалаларга йўналтиришни таъминлаймиз", дея таъкидлади вазир.
Маълумот ўрнида, фуқаролар томонидан шахсий масалалар (уй қуриш, машина олиш, бизнес қилиш) акс этган лойиҳалар ҳамда жуда катта лойиҳалар кўриб чиқилмайди. Асосан мактаб, боғча ёки йўл қурилиши билан боғлиқ таклифларга пул ажратилади. Мисол учун, маҳаллангиздаги йўлни таъмирлаш ҳақидаги таклифингизни порталга жойлайсиз, агар кўп овоз тўпласа, давлат бюджетидан маҳаллангиздаги йўл учун маблағ ажратилади.
"Бизда асосий муаммо ва камчилигимиз порталнинг техник имконияти билан эмас, аҳоли фаоллигининг пастлиги билан боғлиқ. Ҳар қандай соҳага ҳам етарли маблағлар йўналтирилмайди деган мазмунда дуда кўп танқидлар бўлади,. Тан оламиз, ҳар доим ҳам етарлича йўналтирилмайди. Чунки, маблағ кам. Лекин, шу пулни ҳам самарали ишлатса, одамларнинг кўп муаммолари ҳал бўлади. Агар аҳоли фаоллигини оширсак, улар “Очиқ бюджет” портали орқали фаолроқ бўлишса, порталдан тўғри фойдаланилса, муаммоларни биргалашиб ҳал қилиш мумкин", дейди Молия вазири Тимур Ишметов.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь