Сайлов бюджетга ёвми?
Жамият
−
17 Октябрь
3321Аввал иқтисод кейин сиёсат. Аммо давлатнинг иқтисодий ҳолати сиёсат орқали ҳал қилинади. Жорий йилнинг 11 октябрь куни Дебат Ҳоллда ўтказилган партиялар ўртасидаги 3-мунозарада депутатлар айнан пул ҳақида гаплашди. Яъни давлат пули, бюджети ҳақида. Масалан:
“Миллий тикланиш” партияси агар сайловда ғалаба қозонса, сўм қадрини оширмоқчи. Шунингдек, партия Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар ўртасида визасиз режимни ошириш ниятида.
“Адолат” партияси киберхавфсизликка эътибор қаратмоқчи.
“Асосий мақсадимиз кўп даромад топувчи аҳолидан солиқ ундириш эмас, аксинча уларнинг фаолиятига ёрдам бериш ва паст фоизли кредитлар олиш учун имкон яратиб беришдир. Иқтисодий масалалар юзасидан аниқ икки таклифимиз бор: бири солиқ тизимини такомиллаштириш, иккинчиси бюджетни адолатли тақсимлаш”, деди партиядан вакил Беҳзод Тўхтамуродов.
ЎзЛиДеП эса 2,5 миллиондан ортиқ юқори даромадли қўшимча ишчи ўрни яратмоқчи. Тадбиркорлар сонини эса 3 миллиондан ошириш мақсад қилинган.
Халқ демократик партияси аҳоли давлат бюджетини бошқариши ва ундан хабардор бўлиши керак, деган фикрда. Шунингдек, партия меҳнат мигрантлари шароитларини яхшилашга ҳукуматни ундамоқчи.
Ўзбекистон Экология партияси эса дебат давомида энг муҳим маълумотни айтди. Унга кўра, Ўзбекистонда 4,5 миллион гектар ер майдони қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бўлса, чўлланган ҳудудлар ундан беш баравар кўп. Партия айнан мана шунга қарши курашмоқчи.
Мазкур дебат тортишувларга бой бўлди. Масалан, райҳон билан минбарга чиққан Экопартия вакиласи барча партияларга ўз эътирозини билдирди. Яъни Экопартия “Адолат” Социал-демократик партиясининг ноқулай ерларни аҳолига бериш таклифига эътироз билдирди. Эътирозга жавобан унинг ўзига ЎзЛиДеПдан самарасиз ерларни қишлоқ хўжалигида ишлатса бўлиши ҳақидаги эътирозли таклиф билдирилди.
Халқ демократик партияси спикери Анвархон Темиров ҳам Экологик партиядан қолишмай, бошқа партияларни сўз билан савалай кетди. Унинг сўзларига кўра, “Миллий тикланиш” партиясининг халққа бераётган таклифлари олди қочди яъни “Халқ демократик партиясининг вакили “Миллий тикланиш” партиясини “Сайлов олди таклифларингизда тушунмовчиликлар бор, аниқ талаб ва масалаларни бермаяпсизлар” дея айблай кетди. “Миллий тикланиш” партияси таклиф қилаётган қонунларини қонунчилик палатасига киритишга улгурмаганини айтиб ўзини оқлади.
“Миллий тикланиш” партиясини кўпчилик консерватив деб ўйлайди, лекин биз миллий манфаатларимизга, миллий тараққиётимизга қарши бўлган ҳар нарсага қаршимиз”, деди партия вакили.
Бундан ташқари, Анвархон Темиров Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг таклифлари фуқароларнинг ҳуқуқларини поймол қилишини айтди.
“Адолат” Социал-демократик партияси ҳам “Миллий тикланиш” партиясини озиқ-овқат нархларини тенглаштириш тўғрисидаги таклифи орқали тадбиркорларни чеклаб қўяётганликда гумон қилди ва бунга жавобан “Миллий тикланиш” партияси экин экиб касодга учраётган деҳқонларни ҳимоя қилиш учун бу таклиф кераклигини билдирди.
Навбат “Миллий тикланиш” партиясига. Партия спикери саломатликка салбий таъсир қилувчи маҳсулотларга қўшимча солиқ солмоқчи бўлган ХДПни сўроққа тутди.
“Саломатликка зарар етказадиган маҳсулотларга солиқ солишдан олдин унинг иқтисодий самарадорлиги қанчалик ўрганилди ва бу таклиф давлат бюджетига катта зарар етказмайдими?!” деди партия вакили.
Бу эътирозга ХДП вакили бюджет зарар кўрса ҳам инсонлар зарар кўрмаслиги кераклиги ва улар таклиф қилаётган бу солиқлар ҳозирги кунда 50 дан ортиқ давлатларда жорий этилганлигини айтиб, ўз таклифини илгари сурди.
Ўзбекистон Либерал демократик партияси ҳам ҳашаматли уй- жойларни қурувчи корхоналарга қўшимча солиқ жорий қилмоқчи бўлган рақибидан мантиқ сўради. Яъни бу солиқлар тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ўрнига уларнинг иш фаолиятини чеклаб қўйиш эмасми?! Бу саволга эса ХДП шундай жавоб берди:
“Биз бу кунгача тадбиркорларни қўллаб қувватладик. Энди навбат ижтимоий аҳволи оғир аҳолига. Тадбиркорлардан жамғармага пул ажратиб ижтимоий уйлар қурамиз”.
LiveБарчаси