Ўзбeкистоннинг бюджeт тақчиллиги ошяпти. Ташқи қарзи ҳам
Таҳлил
−
31 Октябрь
12450Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда давлат бюджети тақчиллиги кескин ўсиб бормоқда. Масалан, жорий йил январь-март ойларида Ўзбекистон бюджети харажатлари даромадларидан 17,7 триллион сўмга кўп бўлган, бу ўтган йилги кўрсаткичлар билан таққослаганда 6 трлн га кўп дегани.
Жорий йилнинг 3-чораги ҳолатига кўра, тақчиллик 37,3 триллион сўмдан ошди ва бу йил якунигача нақд 55 трлн га етиши мумкин. Хўш, бунинг сабаби нимада? Нима учун Ўзбекистонда бюджет тақчиллиги ошишда давом этмоқда? Ҳукумат бу триллионларни ниманинг ҳисобига қопламоқчи? Яқинлашаётган 2025 йилда Ўзбекистоннинг молиявий ҳолати қандай бўлади?
29 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Молия ва иқтисодиёт вазирлигининг раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда маълум қилинишича, вазирлик бюджет тақчиллигининг унчалик ташвишда эмас. Вазир ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаровнинг айтишича, тақчиллик аслида ошмаяпти, аксинча камаймоқда. Вазирлик 2025 йилда Ўзбекистон Республикасининг бюджет тақчиллигини 55 трлн дан 49,3 трлн сўмга камайтирмоқчи. Лекин бунга ишонманг. Чунки бюджет тақчиллиги Молия ва иқтисодиёт вазирлиги мўлжалларидан доимо ошиб кетаверади. Масалан, вазирлик 2024 йилда тақчилликни 52 трлн дан оширмасликни мўлжал қилганди. Аммо юқорида эшитганингиздек, рақамлар аллақачон ундан юқори. 2023 йилда эса Ўзбекистоннинг бюджет тақчиллиги Молия вазирлиги мўлжалидан нақд 27 трлн сўм ошиб кетганди. Йил бошланмасиданоқ давлат бюджети тақчиллиги борасида ижобий прогнозлар қилиб, аммо йилни доимо салбий рақамлар билан якунловчи вазирлик мана шу триллионларни ниманинг ҳисобига қопламоқчи?
Ташқи қарз
Бюджет тақчиллиги асосан ташқи қарз ҳисобига қопланар экан. Бу эса ўз-ўзидан мамлакат ташқи қарзининг ошишини кўрсатади. Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ҳам кескин ошишда давом этмоқда. 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи илк марта 37 миллиард доллардан ошган. Бу рақамни агар 2017 йил билан солиштирсак, миқдор 3 баробарга кўпайганини кўриш мумкин. 2024 йил якунида эса бу рақам яна ошади. 39,7 млрд доллар. 2025 йилда эса давлат ташқи қарзи 45 млрд долларга етиши кутилмоқда.
Молия ва иқтисодиёт вазирлиги давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 60 фоизлик макроиқтисодий хавфсиз даражадан ошиб кетмаслиги учун барча чораларни кўришни ваъда қилмоқда. Ҳа, ташқи қарз миқдори ошмоқда. Бироқ Ўзбекистонга кириб келаётган инвестициялар оқими пасайяпти. Вазирликнинг ўз ҳисоботига кўра, минтақадаги инвестицион ўсиш глобал молиявий инқироздан олдинги кўрсаткичлардан анча секин.
Инфляция
Молия ва иқтисодиёт вазирлиги ҳисоботига кўра, 2024 йилда нархлар яна ошади. Агар 2023 йилда инфляцион кутилмалар 8,8 фоизни ташкил қилган бўлса, 2024 йил якунигача бу 9,5-9 фоизга етади. Бироқ Молия ва иқтисодиёт вазирлиги 2025 йилда инфляцияни 7 фоизга қисқартиришни мақсад қилган.
Солиқлар
Кейинги йилда солиқлар ошадими? Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев бюджет тақчиллигининг ошишига аҳолининг солиқлар тўламаётгани, тадбиркорлар эса солиқ тўламаслик учун турли ҳийлалардан фойдаланаётгани сабаб бўлаётганини айтди. Шу сабабли ҳам яқинда солиқ тўламаганлар учун рейд бошланади. Огоҳ бўлинг.
Мирзаев 2025 йилда асосий солиқлар ошмаслигига ваъда беряпти. Аммо вазирлик сувни исроф қилишни камайтириш мақсадида автомобилларни ювишда ишлатиладиган сув учун солиқ ставкасини қайта кўриб чиқмоқчи. Эндиликда машинани ювишга кетган 1 куб метр сув учун истеъмолчилар 15 минг сўмдан пул тўлаши мумкин. Таққослаш учун, бугунгача автотранспорт воситаларини ювиш учун ишлатилган сувнинг бир куб метри учун 2410 сўмни ташкил этаётган эди.
Шунингдек, 2025-2026 йилларда солиқ ва божхона имтиёзларини бермаслик, бекор қилинганларини қайта тикламаслик билан боғлиқ бўлади.
Юқоридагиларнинг барчасига қарамай, Молия ва иқтисодиёт вазирлиги Ўзбекистон иқтисодиёти ўсаётганини билдирмоқда. 2024 йилда Халқаро валюта жамғармаси маълумотига кўра, 5,6 фоизни ташкил қилган иқтисодий ўсиш 2025 йилда 5,7 фоизга етади. Мамлакатнинг ўзи эса иқтисодий ўсишни 6 фоиз дея баҳоламоқда.
Геосиёсий хатарлар
Аммо молия ва иқтисодиёт вазирлиги Ўзбекистон иқтисодиётига ташқи геосиёсий хавф-хатарлар таъсир қилишидан хавотир билдирмоқда. Масалан, давом этаётган геосиёсий зиддиятлар, савдо келишмовчиликлари ва глобал таъминот занжиридаги узилишлар. Шунингдек, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган хорижий мамлакатлар иқтисодиёти секинлашади.
Шунингдек, нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда меҳнат унумдорлиги пасаймоқда. Сўнгги ўн йил ичида минтақада унумдорликнинг заиф ўсиши даромадни секинлаштирмоқда.
LiveБарчаси