Элнур Абдураимов ҳам Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди
Спорт
−
09 Март 2020
4866Амман (Иордания) шаҳрида ўтказилаётган бокс бўйича лицензион мусобақада Элнур Абдураимов (-63 кг) австралиялик рақибига қарши чорак финал жангини ўтказди.
Харрисон Гарсейдга қарши баҳс олиб борган Абдураимов муҳим ва ишончли ғалабани қўлга киритди. Ушбу муваффақият Элнур Абдураимовга турнир ярим финали қатори Токио Олимпиадаси йўлланмасини ҳам тақдим этди.
Бу Ўзбекистон делегациясининг Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларига қўлга киритган ўн тўққизинчи йўлланмасидир.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон делегацияси Рио-2016 Олимпия ўйинлари учун бокс бўйича -60 кг вазн тоифасида иккита йўлланмага эга чиққан эди. Ўшанда мураббийлар қарорига кўра, Элнур Абдураимов ва Хуршид Тожибоев орасидан Тожибоев варианти танлаб олинганди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Рио-2016 Олимпиадасида иштирок этган Баҳодир Жалолов ва Шаҳобиддин Зоиров Токио-2020 Олимпиада йўлланмасини нақд қилишгани ҳақида хабар берган эдик.