Элмира Боситхонова: “Қизларнинг турли қизиқишлари бўйича ассоциациялар тузиш керак”
Жамият
−
18 Февраль 2020
3454Аввалроқ, Тошкентда “Ўзбекистон Республикасида давлат ва жамият қурилишининг янги босқичи, мамлакатни демократик модернизациялашда парламент ва ҳокимлик вакиллик органларининг ролини ошириш” мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини бошлагани ҳақида хабар берган эдик.
Конференцияда Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова нутқ сўзлаб, аёлларнинг саводхонлиги ва ижтимоий ҳаётдаги ўрни ўсиб бораётганини таъкидлаб ўтди.
"Ўтган йилги статистик маълумотларга кўра, Олий таълим соҳасида талаба қизларнинг сони ошган. Уларнинг улуши 40 фоизни ташкил этди. 2011 йил, яъни деярли 9 йилдаги кўрсатгич билан таққослаганда, атиги 4 фоизга кўпайган. Хотин қизларнинг саводхонлик даражаси эса, қаранг қандай зўр рақам, 99.98 фоизни яъни дунёдаги энг юқори кўрсатгичлардан бирини ташкил этган", дейди Боситхонова.
Шунингдек, Элмира Боситхонова нутқи давомида аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги ролини ошириш учун янада кўпроқ ҳаракат қилиш кераклигини айтиб ўтди.
"Биз сиёсат ва ҳукуматда ҳам аёллар сонини оширишга чақиришдан тўхтамаслигимиз керак. Чунки аёлларнинг олий маълумот олишининг ўзи етарли эмас. Аёл ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётда фаол бўлиб намуна кўрсатсагина, мамлакатимизда илм олишга қизиқадиган қизларимиз сони кўпаяди", деб таъкидлади қўмита раиси.
Боситхонова ўз нутқи давомида қизларнинг турли қизиқишлари бўйича ассоциациялар тузиш кераклиги таклифини илгари сурди.
"Қизларнинг профессионал фаолият соҳасини танлашини таҳлил қилиш, аниқланган муоммоларни бартараф этиш, аёлларнинг, айниқса, ёш қизларнинг қобилиятларини рўёбга чиқариш учун улар қизиқишининг турли йўналишлари бўйича ассоциациялар ташкил этиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқсак ҳам бўлади деб ўйлайман", дейди Боситхонова.
Нуруллоҳ Шарипов
LiveБарчаси