Элис Уэллс собиқ президент ўмарган пулларни қайтариш бўйича тадбирда қатнашади
Олам
−
25 Февраль 2019
5128Аввалроқ, АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси биринчи ўринбосари, элчи Элис Уэллс Ўзбекистонга келаётгани ҳақида хабар берган эдик. АҚШлик амалдор хоним Тошкентгача Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида бўлади. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
“Бишкекда элчи Уэллс ҳукуматнинг юқори лавозимли мулозимлари билан учрашади ҳамда талабалар ва ўқитувчилар билан кўришиш учун Марказий Осиёдаги Америка университетига боради. Шунингдек, у собиқ президент Қурманбек Бакиев оиласи ўмарган 4,6 миллион доллар маблағни қирғиз халқига қайтариш бўйича ҳукуматларимиз олиб бораётган муваффақиятли қўшма саъй-ҳаракатларни нишонлаш учун Қирғизистон Республикаси Молия вазири Бактигул Жеенбаева билан бўладиган оммавий тадбирда қатнашади”, дейилади АҚШ элчихонаси томонидан етказилган хабарда.
Қирғизистондаги тадбирлардан сўнг, давлат котиби ёрдамчиси биринчи ўринбосари Уэллс Тошкентга отланиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан биргаликда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги йиллик икки томонлама маслаҳатлашувларни ўтказиш мақсадида АҚШ ҳукумати идоралараро делегациясига бошчилик қилади. У глобал ва минтақавий хавфсизлик, Афғонистондаги тинчлик жараёни, иқтисодий ва савдо келишувлари, инсон ҳуқуқлари ва диний эркинликлар ҳамда суд ислоҳоти, халқ таълими ва хотин-қизлар ҳуқуқи бўйича АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги қўшма дастурларни муҳокама қилиш учун Ўзбекистон ҳукумати юқори лавозимли вакиллари билан учрашади.
Бу Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик соҳасида янги даврни очиб берган, Президент Мирзиёвнинг 2018 йил май ойида Вашингтонга қилган тарихий ташрифидан сўнг ўтказилаётган биринчи йиллик икки томонлама маслаҳатлашувлар бўлади.
“Қўшма Штатлар Президент Мирзиёевнинг ислоҳот дастурлари ҳамда икки халқ ўртасидаги кучли икки томонлама алоқаларнинг ривожини қўллаб-қувватлар экан, Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланиб боради, деб умид қилади”, дейилади элчихона хабарида.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь