Электротехника саноатида ишлаб чиқариш 11 млрд долларга етказилади

Жамият

image

Ўзбекистонда 2030 йилгача электротехника ва унга ёндош саноатда ишлаб чиқариш ҳажмини 11 миллиард долларга олиб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 10 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган электротехника саноатини янги босқичга олиб чиқиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш юзасидан тақдимотда сўз боради.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатда электротехника тармоғини ривожлантириш, қўшилган қиймати юқори маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортни кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилган. Натижада соҳада ишлаб чиқариш ҳажми 2018 йилдаги 4,7 триллион сўмдан 43,1 триллион сўмга етган, экспорт 1 миллиард доллардан ошган. Бугунги кунда Ўзбекистон электротехника маҳсулотлари 65 та давлатга етказиб берилмоқда.

Тармоқда маҳсулотлар таркиби ҳам ўзгармоқда. Мисдан тайёрланаётган маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши ва экспорти ортди, паст қийматли маҳсулотларнинг улуши эса сезиларли камайган. Маиший техника бўйича ички талабнинг 80 фоизи маҳаллий маҳсулотлар ҳисобидан қопланмоқда, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 30 фоизи экспорт қилинмоқда. Қуёш панеллари, юқори кучланишли кабеллар, электромобилларни қувватлаш станциялари, вакуум ўчиргичлар, юқори кучланишли ажратгичлар, иссиқлик насослари каби юзлаб янги турдаги маҳсулотлар ўзлаштирилган.

Жорий йилнинг етти ойида тармоқда 30 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган, 706 миллион долларлик экспорт таъминланган. 148 миллион долларлик 16 та лойиҳа ишга туширилиб, 1,2 мингта иш ўрни яратилган. Йил якунигача 51 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни 1,6 миллиард долларга етказиш, 420 миллион долларлик 67 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси белгиланган.

Тақдимотда 2030 йилгача электротехника ва унга ёндош саноатда ишлаб чиқариш ҳажмини 11 миллиард долларга, экспортни 5 миллиард долларга етказиш, 3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш, мисга қўшилган қийматни 35 фоизга олиб чиқиш режалари кўриб чиқилган.

Бунинг учун Ўзбекистонда зарур хомашё базаси ва бозор мавжуд. Йилига 150 минг тоннадан ортиқ мис катоди ишлаб чиқарилмоқда, янги қувватлар ҳисобига мазкур кўрсаткич 300 минг тоннага етказилади. Шунингдек, 15 гигаватт қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, бу электротехника маҳсулотлари учун йилига 500 миллион долларлик буюртма бозорини шакллантиради.

Шу билан бирга, соҳада ҳал этилиши зарур масалалар ҳам бор. Айрим корхоналарда айланма маблағ учун кредит олишда гаров таъминоти етишмаяпти, мис хомашёсини биржа орқали харид қилишда қулай молиявий инструментлар талаб этилмоқда, йирик халқаро брендларни жалб этиш учун кафолатланган механизмларни кенгайтириш зарур. Аҳоли уй-жойлари қурилиши ортиб бораётгани ҳам электротехника маҳсулотларига талабни оширмоқда.

Шу муносабат билан тармоқ корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича янги механизмлар таклиф этилмоқда. Жумладан, мис хомашёсини харид қилишда тўловнинг 25 фоизини корхоналар, қолган 75 фоизини “Ўзсаноатэкспорт” АЖ амалга оширади. Корхоналар ушбу маблағни 90 кун ичида йиллик 6 фоизгача ставкада қайтаради. Бу мақсадлар учун 50 миллион доллар ресурс йўналтирилади.

Эндиликда кредитлар бўйича экспорт шартномалари, суғурта полислари каби бошқа таъминот турларини ҳам қабул қилиш имконияти яратилади. Инвестиция лойиҳаларига миллий ва хорижий валютада ажратилган кредитларнинг бир қисми уч йил давомида қоплаб берилади.

Камида 50 миллион доллар сармоя киритадиган йирик халқаро бренд компанияларига солиқ имтиёзлари тақдим қилиниб, инфратузилмага эга тайёр бинолар таклиф этилмоқда. Электротехника саноати корхоналари учун солиқ ва божхона имтиёзлари муддатини 2030 йилгача узайтириш, ёндош маҳаллий саноат корхоналарини ҳам қўллаб-қувватлаш назарда тутилмоқда.

Экспортни кенгайтириш мақсадида хорижий бозорларда савдо омборлари ташкил этиш, маҳсулотларни сертификатлаш ва ташқи бозорларга чиқариш жараёнларини енгиллаштириш чоралари кўрилади. Шунингдек, Афғонистон, Мўғулистон, Қозоғистон ва Ироқ бозорларига комплекс технологик ечимлар экспортини кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилган.

Тармоқда инновация ва илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш учун Тўртинчи саноат инқилоби илмий-тадқиқот ва инновация марказини ташкил этиш таклиф қилинган. Марказ янги маҳсулотларни рақамли моделлаштириш, синовдан ўтказиш, маҳаллийлаштириш, прототиплар тайёрлаш ва корхоналарга инжиниринг хизматлари кўрсатиш билан шуғулланади.

Президент мутасаддиларга электротехника саноатида қўшилган қийматни ошириш, юқори технологик маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, маҳаллий корхоналарни глобал қиймат занжирларига олиб кириш бўйича топшириқлар берган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг