Электромобилларни қувватлантириш станциялари асбоб-ускуналари божхона божидан озод қилинди
Жамият
−
01 Январь 2260 2 дақиқа
Ўзбекистонда электромобилларни зарядлаш станциялари 2028 йил 1 январгача божхона тўловларидан озод қилинди. Бу ҳақда Президентнинг жорий йилнинг 30 декабрь куни қабул қилинган “Аҳолининг алоҳида турдаги истеъмол маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини кафолатли таъминлашга ҳамда иқтисодиётнинг айрим тармоқларини янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Фармонга кўра, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар асосида Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган қуйидаги товарлар 2026 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар божхона божидан озод қилинади:
- электромобилларни қувватлантириш станциялари, уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси учун технологик асбоб-ускуналар;
- пилла йигириш ва ипак газлама тўқиш дастгоҳларининг эҳтиёт қисмлари, тут дарахти уруғи ва кўчатлари, ипак қуртининг суперэлита, элита ва саноат уруғлари.
2026 йил 1 январдан 2031 йил 1 январгача “Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси” давлат муассасаси ва қуйидаги барча шартларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган солиқ тўловчилар учун мазкур фаолият тури бўйича фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади:
- чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиш, саралаш ва қайта ишлаш фаолиятидан олган даромадлари ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 90 фоизини ташкил этган бўлса;
- ҳар ойда ҳар бир ходимга иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланган бўлса.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда эски транспорт воситаларини янгисига алмаштириш ёки уларга фильтр ўрнатиш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилиши ҳақида хабар берилган эди.