Электр ва табиий газ тарифлари яна ошади (видео)

Жамият

image

Ўзбекистонда 2025 йилнинг 1 апрелдан электр энергияси ва табиий газ тарифлари яна бир карра оширилади. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров бугун, 18 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида маълум қилди.

“Жорий йилда тарифлар ошган бўлса, ўша Вазирлар Маҳкамаси қарорида келгуси йил 1 апрелдан ҳам тарифларни яна бир карра ошириш таклифлари маъқулланган. Келгуси йил, насиб бўлса, 1 апрелдан тарифлар ошади”, деди вазир.

Шунингдек, у нархлар ошишига қарамай, энергетика соҳасига бюджетдан ҳали ҳам субсидиялар борлигининг сабабини тарифлар харажатларни тўлиқ қоплайдиган даражага чиқмагани ва газнинг маълум бир қисми импорт қилинаётгани билан изоҳлади.

“Агар субсидиялар ҳақида гапирадиган бўлсак, келгуси йил бюджет лойиҳасида, сиз кўрганингиздек, газ ва электр бўйича субсидиялар миқдори етти ярим триллион сўм бўлиши кутилмоқда. Бу, албатта, жорий йилда ўн икки триллион эди, яъни камайиб боряпти. "Хўш, қачон бу субсидиялар берилиши тўхтайди?" деб савол берадиган бўлсангиз, 2025-2026 йилларда давом этади, 2027 йилда кескин пасаяди, насиб бўлса, ва 2028 йилдан бошлаб субсидиялар бюджетдан берилмайди”, деди Қўчқоров.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистонда жисмоний шахслар учун электр энергияси ва газ тарифлари бир вақтнинг ўзида ижтимоий нормаларни жорий этган ҳолда оширилганди.  1 ноябрдан бошлаб табиий газнинг ижтимоий норма миқдори 100 метр кубдан 500 метр кубгача оширилди ҳамда ноябрь, декабрь, январь ва февраль ойларида бир ойлик меъёрлар мазкур тартибда белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

электр газ Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг