Электр ва газдан фойдаланиш қоидабузарликлари ҳақида хабар берганлар мукофотланиши мумкин
Жамият
−
13 Июль 2023
3607Ўзбекистонда электр ва газдан фойдаланиш қоидабузарликлари ҳақида хабар берганлар мукофотланади. Бу ҳақдаги Вазирлар Маҳкамасининг “Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳақидаги низомни тасдиқлаш ҳақида“ги қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига қўйилди.
Ушбу қарор лойиҳаси Президентнинг “Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш ва “рақамли энергоназорат” тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланишда жамоатчилик назоратини ўрнатиш, жамиятда бу каби ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилгани қайд этилган.
Келтирилишича, электр энергияси, иссиқлик энергияси ва газдан фойдаланишни назорат қилиш, шунингдек, ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож қилиш, улардан оқилона фойдаланишга нисбатан бепарво муносабатда бўлишни олдини олиш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширишга қаратилган “Энергоназорат” платформаси ишлаб чиқилади.
2023 йил 1 сентябрдан бошлаб:
• жисмоний шахсларнинг видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобил қурилмалари (кейинги ўринларда – видеотехника воситалари) орқали қайд этилган электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар (кейинги ўринларда – ҳуқуқбузарликлар) Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқилади;
• ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача бўлган миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Жисмоний шахсларнинг видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарималар қуйидагиларга йўналтирилади:
• Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳисобварағига ундирилган сумманинг 50 фоизи;
• тегишлилиги бўйича электр ва иссиқлик энергияси ҳамда табиий газ таъминоти корхоналари ҳисобварақларига ундирилган сумманинг 50 фоизи;
Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь